وَلَقَدۡ ءَاتَيۡنَا لُقۡمَٰنَ ٱلۡحِكۡمَةَ أَنِ ٱشۡكُرۡ لِلَّهِۚ وَمَن يَشۡكُرۡ فَإِنَّمَا يَشۡكُرُ لِنَفۡسِهِۦۖ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ ٱللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٞ ١٢
Батаҳқиқ, Биз Луқмонга: «Аллоҳга шукр қил. Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва мақталган Зотдир», деб ҳикматни бердик. 3
Izohlar
3 («Ҳикмат», аслида, ҳар бир нарсани яхшилаб ўз жойига қўйиш, деган маънони беради. Шу боисдан ҳам ҳар бир гапни тўғри сўзлаш ва ҳар бир ишни тўғри бажаришга «ҳикмат» дейилади. Аллоҳ таоло ҳазрати Луқмонга ана шундай неъматни ато қилганини ушбу оятда билдирмоқда. У кишининг исмларига «ҳаким» лақаби қўшилиб зикр қилиши сабаби ҳам шундан. Баъзи кишилар бу ҳикмат соҳиби бўлган зотни пайғамбар деб ҳам айтишган. Аммо аксар уламоларимиз, жумладан, кўпгина тафсирчиларимиз, ҳазрати Луқмон пайғамбар эмас, ҳаким бўлган, дейдилар. Чунки пайғамбарларнинг зикри келган Қуръон оятларида бу кишининг исмлари келмаган. Шунингдек, у кишининг пайғамбар бўлганлари ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом ҳам ҳеч бир хабар бермаганлар.)
Tafsir
Биз Луқмонга диний билимни ва барча ишларда тўғри йўл тута билишни ато этдик ва унга шундай дедик: "Эй Луқмон, Парвардигоринг берган неъматлари учун Унга шукр қил. Ким Парвардигорига шукр қилса, ўзи учун қилади. Зеро, Аллоҳ унинг шукридан Беҳожат. Ким Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилса, унинг зарари ҳам ўзига бўлади. Аллоҳга зарар қила олмайди. Зеро, Аллоҳ ҳамма махлуқотлардан Беҳожат ва ҳар қандай ҳолатда мақтовга лойиқ Зотдир.