لَآ إِكۡرَاهَ فِي ٱلدِّينِۖ قَد تَّبَيَّنَ ٱلرُّشۡدُ مِنَ ٱلۡغَيِّۚ فَمَن يَكۡفُرۡ بِٱلطَّٰغُوتِ وَيُؤۡمِنۢ بِٱللَّهِ فَقَدِ ٱسۡتَمۡسَكَ بِٱلۡعُرۡوَةِ ٱلۡوُثۡقَىٰ لَا ٱنفِصَامَ لَهَاۗ وَٱللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ ٢٥٦
Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради. Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ, узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади. Ва Аллоҳ эшитувчи, билувчи Зотдир. 116
Izohlar
116 (Ақида, иймон масаласи инсон қалбига боғлиқ жуда ҳам нозик бир масаладир. Бу нарсани мажбур этиб, куч билан сингдириб бўлмайди. Балки ҳар бир инсон баён қилинган нарсаларга тушуниб иймон келтиргандагина мақсад ҳосил бўлади. Исломда ушбу қоидага қаттиқ риоя қилинади. Аллоҳ таоло Ўзи «Динга мажбур қилиш йўқ. Батаҳқиқ, ҳақ ботилдан ажради», деб қўйган. Яъни, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръони Каримни тушириб, Исломни жорий қилгандан сўнг тўғри йўл нотўғрисидан, ҳақ ботилдан ажради. Ҳамма нарса ўз ўрнини топди. Шундай бўлгандан кейин «Динга мажбур қилиш йўқ». Ҳар кимга Аллоҳ ақл берган, ўзига керак йўлни танлаб олсин.)
Tafsir
Ҳеч кимни мажбурлаб, зўрлаб Ислом динига киритилмайди. Чунки бу дин очиқ кўриниб турган ҳақиқатдирки, мажбурлашга мутлақо зарурат йўқ. Рушду ҳидоят куфру залолатдан ажралиб бўлди. Аллоҳдан ўзга барча сохта маъбудлардан юз ўгириб, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига иймон келтирган одам қиёмат кунида нажотга олиб борадиган энг мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ бандаларининг гап-сўзларини эшитиб, қилган ишларини кўриб-билиб турадиган Зотдир. Яқинда уларга амалларига яраша жазо ёки мукофотларини беради.