Hud surasi, 5-oyat

11:5

أَلَآ إِنَّهُمۡ يَثۡنُونَ صُدُورَهُمۡ لِيَسۡتَخۡفُواْ مِنۡهُۚ أَلَا حِينَ يَسۡتَغۡشُونَ ثِيَابَهُمۡ يَعۡلَمُ مَا يُسِرُّونَ وَمَا يُعۡلِنُونَۚ إِنَّهُۥ عَلِيمُۢ بِذَاتِ ٱلصُّدُورِ ٥

Огоҳ бўлингким, албатта, улар Ундан яшириниш учун кўксиларига (бошларини) эгарлар. Огоҳ бўлингким, кийимларига ўралган чоғларида ҳам, У зот нимани сир тутаётганларинию нимани ошкор қилаётганларини билар. Албатта, У — қалблардаги бор нарсаларни билгувчи Зотдир. 1

Izohlar

1 (Ушбу оятда жоҳилият аҳлининг кулгили ҳолатларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом кишиларга Қуръони Карим оятларини ўқиб бераётганларида, юқорида зикр қилинган ҳақиқатларни етказаётганларида, баъзи мушриклар, мен ҳам шу гапларга дахлдор бўлиб қолмай, дегандек, кўринмасликка уриниб, пусиб, бошини кўксига эгиб, беркинишга ҳаракат қилар эканлар. Оятда уларнинг қилмишлари, Аллоҳдан яширинишга уриниш, деб таърифланмоқда.)

Tafsir

Огоҳ бўлингизким, анави мушриклар нодонликлари туфайли ўзларича дилларидаги шак-шубҳаларини Аллоҳдан яширмоқчи бўлиб, бошларини эгадилар. Огоҳ бўлингизким, улар бошларини кийимлари билан ўраб олган пайтларида ҳам (Аллоҳ) уларнинг нимани сир тутаётганларини ҳам, нимани ошкор қилаётганларини ҳам билур. Албатта У Зот қалблардаги яширин сирларни ҳам Билгувчидир.