Hud surasi, 40-oyat

11:40

حَتَّىٰٓ إِذَا جَآءَ أَمۡرُنَا وَفَارَ ٱلتَّنُّورُ قُلۡنَا ٱحۡمِلۡ فِيهَا مِن كُلّٖ زَوۡجَيۡنِ ٱثۡنَيۡنِ وَأَهۡلَكَ إِلَّا مَن سَبَقَ عَلَيۡهِ ٱلۡقَوۡلُ وَمَنۡ ءَامَنَۚ وَمَآ ءَامَنَ مَعَهُۥٓ إِلَّا قَلِيلٞ ٤٠

Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У(кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингни ол, магар аввал сўз кетганни (олма) ва иймон келтирганларни ҳам ол», дедик. У билан бирга иймон келтирганлар жуда оз эди. 10

Izohlar

10 (Нуҳ алайҳиссалом оиласидан ҳалок бўлишга сўз кетиб қолганлар — хотини билан бир ўғли. Уларни кемага олмасликни амр қилинди. Ҳа, Нуҳ алайҳиссалом узоқ вақт — эллик санаси кам минг йил даъват қилишларига қарамай, саркаш қавмнинг озгинасидан бошқаси иймонга келмади. Шу сабаб ила бу тузалмас дардисарларни дунё танасидан бутунлай кесиб ташлаш учун Аллоҳ ҳаммасини ғарқ этишни ирода қилди.)

Tafsir

Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғини бажариб, кемани ясаб бўлди. Шунда уларни ҳалок қилиш ҳақидаги фармонимиз келиб, тўфоннинг бошланганига белги ўлароқ ҳатто уларнинг тандирлари ичидан ҳам фавворалар отилиб чиққач, Нуҳга дедик: "Кемага ҳар бир ҳайвондан бир жуфт, бир эркак ва бир урғочисини юкла. Оилангни ҳам ол. Фақат ғарқ бўлиши ҳақида ҳукм чиқариб бўлинганлари бундан мустасно. Чунки улар иймон келтирмадилар. Қавмингдаги иймон келтирганларни ҳам кемага чиқар". Узоқ муддат даъват қилганига қарамасдан, унга қавмидан жуда оз одам иймон келтирганди.