وَلَقَدۡ أَرۡسَلۡنَا رُسُلٗا مِّن قَبۡلِكَ مِنۡهُم مَّن قَصَصۡنَا عَلَيۡكَ وَمِنۡهُم مَّن لَّمۡ نَقۡصُصۡ عَلَيۡكَۗ وَمَا كَانَ لِرَسُولٍ أَن يَأۡتِيَ بِـَٔايَةٍ إِلَّا بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ فَإِذَا جَآءَ أَمۡرُ ٱللَّهِ قُضِيَ بِٱلۡحَقِّ وَخَسِرَ هُنَالِكَ ٱلۡمُبۡطِلُونَ ٧٨
Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Улардан кимнингдир қиссасини сенга айтдик ва улардан кимнингдир қиссасини сенга айтмадик. Ҳеч Пайғамбар Аллоҳнинг изнисиз оят (мўъжиза) келтирган эмас. Бас, қачонки Аллоҳнинг амри келганида, ҳақ ила ҳукм чиқарилур ва ўшанда ботил иш қилиб юргувчилар зиён тортурлар. 30
Izohlar
30 (Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга ва у зотнинг умматларига ўтган пайғамбарлардан йигирма тўрттасининг қиссасини айтган. Ўша қиссаларнинг ҳаммаси билан танишиб чиқилди. Уларнинг ҳаммасида кофирлар томонидан пайғамбарларга (алайҳимуссалом) ва мўминларга турли озорлар берилгани, азоб-уқубатлар ёғдирилгани ҳақида турли маълумотларга эга ҳам бўлинди. Яна Қуръони Каримда қанчадан-қанча қиссалари келмаган пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ўтган бўлиб, улар ҳам қийинчилик, озор ва машаққатларга дучор бўлганлар. Пайғамбарлар ўз ҳолларича одамларга мўъжиза кўрсатиб, уларни лол қолдиришга уринган эмас. Чунки бу уларнинг иши эмас. Уларнинг иши Аллоҳнинг таълимотларини халққа етказишдир. Мўъжиза кўрсатиш эса, Аллоҳга хос ишдир. У зот Ўзи хоҳлаган вақтида, Ўзи хоҳлаган пайғамбарига мўъжизани ва уни кўрсатиш изнини беради. Бошқа вақтларда пайғамбарлар мўъжиза кўрсатиш ҳақида ташвиш қилишлари керак эмас.)
Tafsir
Эй Пайғамбар, сиздан олдин ҳам кўп пайғамбарларни юборганмиз. Қавмлари уларни ёлғончига чиқарганлар, уларга озорлар берганлар. Ҳаммалари бу озорларга сабр қилганлар. Ўша пайғамбарларнинг айримлари ҳақида сизга ҳикоя қилиб берган бўлсак, бошқалари ҳақида ҳикоя қилмаганмиз. Бирон пайғамбар ўз қавмига Аллоҳнинг изнисиз бирон оят олиб келган эмас. Кофирларнинг ўзларича оятлар тўқиши, зулмдир. Аллоҳнинг пайғамбарлар билан уларнинг қавмлари ўртасида адолат билан ажрим қилиш ҳақидаги фармони келганда кофирлар ҳалокатга учраб, пайғамбарлар нажот топадилар. Бу пайтда бузғунчилар мағлуб бўладилар. Чунки улар куфр ила ўзларини ўзлари ҳалокат чоҳига улоқтирадилар.