۞ وَلَمَّا ضُرِبَ ٱبۡنُ مَرۡيَمَ مَثَلًا إِذَا قَوۡمُكَ مِنۡهُ يَصِدُّونَ ٥٧
Ибн Марям мисол келтирилган чоғда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар. 11
Izohlar
11 (Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом Анбиё сурасидаги «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз. Сизлар унга киргувчидирсиз» оятини тиловат қилганларида, Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ат-Тамимий исмли мушрик: «Бу биз ва бизнинг олиҳаларимиз учунми ёки ҳамма умматлар учунми?» деб сўраган. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: «У сиз учун ҳамма умматлар учун», дедилар. У: «Шубҳасиз, энди сени енгдим, Каъбанинг Роббига қасам! Насоролар Масийҳга, Яҳудийлар Узайрга, Бани Фулон фаришталарга ибодат қилмайдиларми?! Агар ана ўшалар ҳам жаҳаннамга тушсалар, бизнинг ва олиҳаларимизнинг жаҳаннамда бўлишига розимиз», деди. Шунда Аллоҳ таоло: «Албатта, биздан уларга олдин гўзал сўз ўтганлар у (жаҳаннам)дан узоқлаштирилгандирлар», оятини туширди. «Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар» ояти билан ўша ҳодисани ёдга солмоқда.)
Tafsir
Мушриклар Аллоҳ таолонинг: "Сизлар ҳам, Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиз ҳам жаҳаннам ўтинисизлар. Сизлар унга тушгувчидирсизлар", деган ояти мазмунида ўзлари ибодат қилаётган Ийсо алайҳиссалом ҳам бор, деб ўйладилар. Чунки Аллоҳ бошқа бутларга ибодат қилишдан қайтарганидек, Ийсога ибодат қилишдан ҳам қайтарганди. Шунинг учун Аллоҳ айтяптики, эй Пайғамбар, қавмингиз бақир-чақир қилиб: "Худоларимиз Ийсо мақомида бўлишига розимиз", дейдилар. Аллоҳ бунга раддия билдириб, мана бу оятни нозил қилди: "Албатта, Биз тарафимиздан гўзал (мартаба) берилган зотлар, ана ўшалар (дўзахдан) узоқ қилингувчилардир".