At-Tawbah surasi, 107-oyat

9:107

وَٱلَّذِينَ ٱتَّخَذُواْ مَسۡجِدٗا ضِرَارٗا وَكُفۡرٗا وَتَفۡرِيقَۢا بَيۡنَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ وَإِرۡصَادٗا لِّمَنۡ حَارَبَ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥ مِن قَبۡلُۚ وَلَيَحۡلِفُنَّ إِنۡ أَرَدۡنَآ إِلَّا ٱلۡحُسۡنَىٰۖ وَٱللَّهُ يَشۡهَدُ إِنَّهُمۡ لَكَٰذِبُونَ ١٠٧

Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир. 62

Izohlar

62 (Мазкур мунофиқлар қурган масжиддан ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки улар ўз масжидларини Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом биринчи бўлиб тиклаган Қубо масжиди ёнида қурган эдилар. Шунинг учун бу масжид Масжидул Зирор — зиён масжиди, деб номланди. Бу масжиднинг куфр учун қурилди, дейилишига сабаб мунофиқлар уни ўзларига марказ қилиб, куфр ишларини ривож топтириш мақсадида эдилар. Ояти карима маълум шахслар, маълум масжид сабабли тушган бўлса ҳам, унинг маъноси умумийдир. Мунофиқ ва кофирлар барча жойларда ва барча замонларда Исломга зиён етказиш учун, куфрни ривожлантириш учун, мўмин-мусулмонлар орасига тафриқа солиш учун, Аллоҳ ва Унинг Расулига уруш очганларга кузатиш жойи бўлиш учун кўплаб Масжидул Зирорлар қурганлар. Бу ҳолат динсиз давлатлардаги масжид ва диний муассасалар мисолида жуда ҳам равшан намоён бўлган.)

Tafsir

Мунофиқлар орасида ўзларига масжид қуриб олганлари ҳам бор. Аммо мақсадлари Аллоҳга тоат қилиш эмас, аксинча, мусулмонларга зиён етказиш, мунофиқларни қўллаб-қувватлаш орқали куфрни кенг тарқатиш, мўминлар орасига тафриқа солиш ҳамда масжид қурилишидан олдин Аллоҳ ва пайғамбарига қарши курашган кимсаларни кутиб олиш бўлган. Ўша мунофиқлар сизларга: "Мақсадимиз мусулмонларга яхшилик қилиш эди, холос", деб қасам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар бу даъволарида аниқ ёлғончидирлар.