ذَٰلِكَ ٱلَّذِي يُبَشِّرُ ٱللَّهُ عِبَادَهُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِۗ قُل لَّآ أَسۡـَٔلُكُمۡ عَلَيۡهِ أَجۡرًا إِلَّا ٱلۡمَوَدَّةَ فِي ٱلۡقُرۡبَىٰۗ وَمَن يَقۡتَرِفۡ حَسَنَةٗ نَّزِدۡ لَهُۥ فِيهَا حُسۡنًاۚ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٞ شَكُورٌ ٢٣
Ана ўша, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган бандаларига Аллоҳ бераётган хушхабардир. (Эй Муҳаммад): «Мен сиздан бу учун ажр эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман», деб айт. Ким яхшилик қилса, Биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, Шакурдир. 11
Izohlar
11 (Ушбу жумла маъноси ҳақида уламоларимиз бир неча хил фикрлар айтишган. Мисол учун, Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳу «қариндошлик меҳри» иборасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳл байтлари, деб таъвил қилганлар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса, Қурайш уруғлари ичидан ҳар бири турли йўллар билан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қариндошлик ришталари ила боғланар эди, шунинг учун бу жумлада у киши қурайшликларга, даъватлари учун улардан ажр сўрамасликлари, балки қариндошлик ҳақ-ҳурматини ўрнига қўйишини сўраётганлари ифодаланган, дейдилар. Бундан қариндошчилигимиз ҳурмати менинг ишимга қарши чиқманглар, даъватим йўлини тўсманглар, деган маъно чиқади.)
Tafsir
Аллоҳга ва пайғамбарларга иймон келтириб, яхши ишларни қиладиган мўминларга Аллоҳ мана шундай хушхабарни беради. Эй Пайғамбар, айтинг: "Сизларга ҳақни етказаётганим эвазига сизлардан бирон ҳақ, савоб талаб қилмайман. Фақат биргина нарсани талаб қиламан, холос. У ҳам бўлса, сизларга яқин бўлганим учун мени яхши кўринглар". Ким бир яхшилик қилса, унинг савобини кўпайтириб берамиз. Бирни ўн қилиб берамиз. Аллоҳ тавба қилган бандаларини кечирадиган, Унинг ризоси учун қилинган солиҳ амаллардан миннатдор бўладиган Зотдир.