Ash-Shura surasi, 22-oyat

42:22

تَرَى ٱلظَّٰلِمِينَ مُشۡفِقِينَ مِمَّا كَسَبُواْ وَهُوَ وَاقِعُۢ بِهِمۡۗ وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ فِي رَوۡضَاتِ ٱلۡجَنَّاتِۖ لَهُم مَّا يَشَآءُونَ عِندَ رَبِّهِمۡۚ ذَٰلِكَ هُوَ ٱلۡفَضۡلُ ٱلۡكَبِيرُ ٢٢

Золимларни ўзлари касб қилган нарсалари(азоби)дан қўрқувчи ўлароқ кўрасан. Ҳолбуки, у уларга тушгувчидир. Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилувчилар эса, жаннат боғларидадир. Улар учун Роббилари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шунинг ўзи катта фазлдир.

Tafsir

Эй Пайғамбар, ширку маъсиятлар ила ўз жонига жабр қилган золимларни кўрасизки, қилиб қўйган гуноҳлари туфайли азобга дучор бўлишдан қўрқиб турадилар. Қўрқадиларми, йўқми, уларнинг жазоланиши муқаррар. Чин тавба бўлмаса, қуруқ қўрқувнинг ўзидан фойда йўқ. Аллоҳга ва пайғамбарларга иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар эса уларнинг акси ўлароқ, жаннатларнинг боғларида роҳат-фароғатда бўладилар. Парвардигорлари ҳузурида уларга истаган нарсалари бир зумда муҳайё қилинур. Улар туганмас-битмас неъматлар ичида бўладилар. Бу бир улкан фазлу марҳаматдир.