وَمِنۡ ءَايَٰتِهِۦ يُرِيكُمُ ٱلۡبَرۡقَ خَوۡفٗا وَطَمَعٗا وَيُنَزِّلُ مِنَ ٱلسَّمَآءِ مَآءٗ فَيُحۡيِۦ بِهِ ٱلۡأَرۡضَ بَعۡدَ مَوۡتِهَآۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَٰتٖ لِّقَوۡمٖ يَعۡقِلُونَ ٢٤
Ва Унинг оятларидан сизга қўрқув ва умид учун чақмоқни кўрсатур ва осмондан сувни нозил қилади-да, у билан ерни ўлгандан кейин тирилтирур. Албатта, бунда ақл юритадиган қавм учун оят-белгилар бордир. 12
Izohlar
12 (Олимлар кашф қилишларича, чақмоқ чаққанда ҳавони куйдириб ўсимликлар учун ўта фойдали ўғит — азот пайдо бўлар экан. Ана ўша модда ёмғир ила ерга тушиб ўсимликларнинг ўсишига, ҳосил беришига омил бўлар экан. Демак, хавф ва умид чақмоққа боғлиқ экан.)
Tafsir
Унинг қудрати ва ягоналигига далолат қиладиган буюк оятларидан яна бири шуки,сизларга самода яшинни кўрсатади. Уни гумбурлашидан қўрқиб ва ёмғир ёғишидан умидвор бўлиб томоша қиласизлар. Сизлар учун осмондан ёмғир ёғдириб, у билан ўлиб қолган ерни тирилтиради, ўсимликларни ундириб чиқаради. Бу ишда ақлини ишлатадиган зотлар учун қайта тирилиш ва жазо ёки мукофот олиш каби ишлар ҳақ эканига далолат қилувчи белгилар бордир.