أَنزَلَ مِنَ ٱلسَّمَآءِ مَآءٗ فَسَالَتۡ أَوۡدِيَةُۢ بِقَدَرِهَا فَٱحۡتَمَلَ ٱلسَّيۡلُ زَبَدٗا رَّابِيٗاۖ وَمِمَّا يُوقِدُونَ عَلَيۡهِ فِي ٱلنَّارِ ٱبۡتِغَآءَ حِلۡيَةٍ أَوۡ مَتَٰعٖ زَبَدٞ مِّثۡلُهُۥۚ كَذَٰلِكَ يَضۡرِبُ ٱللَّهُ ٱلۡحَقَّ وَٱلۡبَٰطِلَۚ فَأَمَّا ٱلزَّبَدُ فَيَذۡهَبُ جُفَآءٗۖ وَأَمَّا مَا يَنفَعُ ٱلنَّاسَ فَيَمۡكُثُ فِي ٱلۡأَرۡضِۚ كَذَٰلِكَ يَضۡرِبُ ٱللَّهُ ٱلۡأَمۡثَالَ ١٧
У осмондан сув туширди. Сўнгра водийларда ўз миқдорича сел оқди. Бас, сел ўз устига чиққан кўпикни кўтариб келди. Ва зеб-зийнат, асбоб-ускуна ясаш мақсадида ўтда тобланадиган нарсаларда ҳам шунга ўхшаш кўпик бўлур. Аллоҳ ҳақ ва ботилга мана шундай зарбулмасал келтирур. Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга манфаат берадиган нарса эса, ер юзида қолур. Аллоҳ мисолларни ана шундай келтирур. 9
Izohlar
9 (Аллоҳ таоло осмондан сув тушириб, ёмғир ёғдирса, сел оқади. Шу билан бирга, сел ўзининг устида кўпикни ҳам оқизиб келади. Бунда сув ҳаққа, кўпик ботилга ўхшатилмоқда. Зеб-зийнат ясаладиган олтин ва кумуш, асбоб-ускуна ясаладиган темир ва мис каби маъданлар устида ҳам занг ва кераксиз моддалар бўлади. Бу масалда ҳаққа асл маъданлар, ботилга занг ва кўпик қиёс қилинмоқда. Кўпик, гарчанд сувнинг устига чиқиб турган бўлса ҳам, барибир у кўпикдир. Маъданлардаги занг ва бошқа моддалар уларни ўраб турган бўлсалар ҳам, тобланиш вақти келганда, бирпасда йўқ бўлиб кетадилар. Ботил ҳам шундай: ўзидан-ўзи йўқ бўлиб кетади.)
Tafsir
Аллоҳ ботилнинг йўқ бўлиб кетиши ва ҳақнинг боқий қолишига бир масал зарб қилди. Осмондан ёққан ёмғир ўзига яраша жилғалар бўлиб оқади. Сел сув устида кўпикларни ҳам кўтариб келади. Бу бир масал. Яна бир масал шуки, тақинчоқлар, асбоб-ускуналар ясаш учун маъданлар ўтда ёқиб эритилади ва улардан ҳам кўпик, чиқинди ҳосил бўлади. Аллоҳ шу икки мисол орқали ҳақ билан ботилни баён қиляпти. Ботил ана шу кўпик каби бўлиб, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Ҳақ эса тоза сув каби замин узра қолади. Одамлар ундан ичадилар, ҳайвонларини, экинларини суғорадилар. Маъдандаги чиқинди ҳам ташлаб юборилади. Тақинчоқдан эса одамлар фойдаланадилар. Аллоҳ худди шу икки масал каби кўп масалларни зарб этади. Токи, ҳақ билан ботил очиқ-ойдин кўринсин.