Ar-Ra'd surasi, 16-oyat

13:16

قُلۡ مَن رَّبُّ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ قُلِ ٱللَّهُۚ قُلۡ أَفَٱتَّخَذۡتُم مِّن دُونِهِۦٓ أَوۡلِيَآءَ لَا يَمۡلِكُونَ لِأَنفُسِهِمۡ نَفۡعٗا وَلَا ضَرّٗاۚ قُلۡ هَلۡ يَسۡتَوِي ٱلۡأَعۡمَىٰ وَٱلۡبَصِيرُ أَمۡ هَلۡ تَسۡتَوِي ٱلظُّلُمَٰتُ وَٱلنُّورُۗ أَمۡ جَعَلُواْ لِلَّهِ شُرَكَآءَ خَلَقُواْ كَخَلۡقِهِۦ فَتَشَٰبَهَ ٱلۡخَلۡقُ عَلَيۡهِمۡۚ قُلِ ٱللَّهُ خَٰلِقُ كُلِّ شَيۡءٖ وَهُوَ ٱلۡوَٰحِدُ ٱلۡقَهَّٰرُ ١٦

Сен: «Осмонлару ернинг Робби ким?» деб айт. «Аллоҳ», дегин. «Ўзингизга Ундан ўзга, ўзларига фойда ёки зарарга эга бўлмаган валийларни тутдингизми?» дегин. «Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» дегин. Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махлуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилар-у, уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами? «Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. Ва У Бирдир, Қаҳҳордир», дегин.

Tafsir

Эй Пайғамбар, Аллоҳдан бошқага ибодат қиладиган кофирларга айтинг: "Осмонлару ерни яратган, уларни бошқариб турадиган Зот ким?" Эй Пайғамбар, айтинг: "Уларни яратган ҳам, бошқариб турадиган ҳам Аллоҳ эканини жуда яхши биласизлар". Эй Пайғамбар, айтинг: "Аллоҳни қўйиб, бошқалар тугул, ҳатто ўзига ҳам фойда ё зарар келтира олмайдиган ожиз, нотавон бутларни ўзларингизга хожа қилиб олдингларми?" Эй Пайғамбар, айтинг: "Кўнгил кўзи кўр кофир билан кўзи очиқ, ҳидоят топган мўмин баробарми? Зулматлардек қоп-қоронғу куфр билан нурдек равшан иймон тенгми?". Ёки улар Аллоҳга бутларни шерик қилиб олдиларми? Ўша бутлар худди Аллоҳ каби яратувчилик қилдиларми? Кейин улар қайси бирини Аллоҳ, қайси бирини бутлар яратганини билолмай, чалкашиб қолдиларми? Эй Пайғамбар, уларга айтинг: "Ҳамма нарсанинг яратувчиси ёлғиз Аллоҳдир. У ягонадир, шериксиздир. Маъбудликка ягона ҳақдор Зотдир. Ҳамма нарсадан ғолибдир".