An-Nisa surasi, 171-oyat

4:171

يَٰٓأَهۡلَ ٱلۡكِتَٰبِ لَا تَغۡلُواْ فِي دِينِكُمۡ وَلَا تَقُولُواْ عَلَى ٱللَّهِ إِلَّا ٱلۡحَقَّۚ إِنَّمَا ٱلۡمَسِيحُ عِيسَى ٱبۡنُ مَرۡيَمَ رَسُولُ ٱللَّهِ وَكَلِمَتُهُۥٓ أَلۡقَىٰهَآ إِلَىٰ مَرۡيَمَ وَرُوحٞ مِّنۡهُۖ فَـَٔامِنُواْ بِٱللَّهِ وَرُسُلِهِۦۖ وَلَا تَقُولُواْ ثَلَٰثَةٌۚ ٱنتَهُواْ خَيۡرٗا لَّكُمۡۚ إِنَّمَا ٱللَّهُ إِلَٰهٞ وَٰحِدٞۖ سُبۡحَٰنَهُۥٓ أَن يَكُونَ لَهُۥ وَلَدٞۘ لَّهُۥ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَا فِي ٱلۡأَرۡضِۗ وَكَفَىٰ بِٱللَّهِ وَكِيلٗا ١٧١

Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масийҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг. Уни учта деманг. Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, ўзга эмас. У Ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. 73

Izohlar

73 (Ислом дини инсониятнинг ақидасини тўғри йўлга солишга келган. Бу ўринда насороларнинг ақидасини тўғриламоқда. Маълумки, насроний дини янгилиги вақтида ақида тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан бу ақида аста-секин бузила борган. Милодий олтинчи асрга келиб, Рим императорларининг тазйиқи остида насроний ақидаси тамоман бузилиб бўлган эди. Насоролар ўз динларида ҳаддан ошиб кетдилар. Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни, Аллоҳнинг ўғли, дедилар. Сўнгра, Аллоҳ уч аслдан — ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборатдир, деб даъво қилдилар. Шунингдек, Биби Марямни ҳам илоҳлик даражасига кўтардилар. Худонинг табиати ҳақида битмас-туганмас ихтилофларга тушдилар. Охири келиб, ўзлари ҳам тушуниб етмайдиган ақидавий машмашаларга гирифтор бўлдилар. Уларнинг ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб ишлари динда ғулувга кетиш — ҳаддан ошиш эди.)

Tafsir

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Инжил аҳлига шундай денг: "Динингизда ҳаддингиздан ошмангиз. Ийсо алайҳиссалом борасида Аллоҳнинг шаънига нолойиқ, ноҳақ гапни айтмангиз. Масиҳ Ийсо ибн Марям алайҳиссалом Аллоҳнинг пайғамбаридир. Уни ҳақ билан юборган. Уни Жаброил алайҳиссалом орқали юборган "бўл" деган сўзи билан яратди. Шу билан у Аллоҳнинг бир руҳи бўлдики, уни Жаброил алайҳиссалом Парвардигорнинг амри билан Ийсо алайҳиссаломнинг жисмига олиб кирди. Бас, Аллоҳга ва Унинг ҳамма пайғамбарларига иймон келтирингиз. Уларни ажратмангиз. Худолар учта, демангиз. Бундай ёлғон ва бузуқ гапни айтишдин тийилингиз. Шунда бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ўзингизга яхши бўлади. Аллоҳ ягона илоҳдир. У шерикдан ҳам, боладан ҳам покдир. У беҳожатдир. Осмонлару ердаги ва улар оралиғидаги ҳамма нарса Унинг мулкидир. Осмонлару ердаги нарсалар Аллоҳнинг нақадар тадбирли бошқарувчи эканига кифоядир.