۞ إِنَّآ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ كَمَآ أَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰ نُوحٖ وَٱلنَّبِيِّـۧنَ مِنۢ بَعۡدِهِۦۚ وَأَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰٓ إِبۡرَٰهِيمَ وَإِسۡمَٰعِيلَ وَإِسۡحَٰقَ وَيَعۡقُوبَ وَٱلۡأَسۡبَاطِ وَعِيسَىٰ وَأَيُّوبَ وَيُونُسَ وَهَٰرُونَ وَسُلَيۡمَٰنَۚ وَءَاتَيۡنَا دَاوُۥدَ زَبُورٗا ١٦٣
Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги Пайғамбарларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асбот, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик. 71
Izohlar
71 (Демак, ҳамма пайғамбарларга ваҳий юбораётган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган Зот битта. Мазкур пайғамбарларга ваҳий юборган ўша Зот Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам ваҳий юборган. Мазкур кишиларни пайғамбар қилиб танлаб олган ўша зот Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлаб олгандир. Довуд алайҳиссаломга Забурни берган бўлса, Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни бергандир.)
Tafsir
Эй Пайғамбар алайҳиссолату вассалом, Биз сиздан олдинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиздек сизга ҳам ваҳий юбордик. Бу иш янгилик эмас. Сиз дастлабки пайғамбар эмассиз. Биз Нуҳ алайҳиссаломга ҳам, у кишидан кейин келган пайғамбарларга ҳам, Иброҳим алайҳиссаломга ҳам, у кишининг икки ўғли Исмоил ва Исҳоқ алайҳимассаломга ҳам, Исҳоқнинг ўғли Яъқуб алайҳиссаломга ҳам ва у кишининг авлодига ҳам ваҳий юборганмиз. (Улар Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғилларидан тарқаган Бани Исроилнинг ўн икки қабиласидаги пайғамбарлардир). Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймон алайҳиссаломларга ҳам ваҳий юборганмиз. Довудга эса китобни - Забурни ато этдик.