An-Nisa surasi, 119-oyat

4:119

وَلَأُضِلَّنَّهُمۡ وَلَأُمَنِّيَنَّهُمۡ وَلَأٓمُرَنَّهُمۡ فَلَيُبَتِّكُنَّ ءَاذَانَ ٱلۡأَنۡعَٰمِ وَلَأٓمُرَنَّهُمۡ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلۡقَ ٱللَّهِۚ وَمَن يَتَّخِذِ ٱلشَّيۡطَٰنَ وَلِيّٗا مِّن دُونِ ٱللَّهِ فَقَدۡ خَسِرَ خُسۡرَانٗا مُّبِينٗا ١١٩

Уларни адаштираман, хомхаёлларига соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар», деди. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир. 53

Izohlar

53 (Яъни, Аллоҳ шайтонни лаънатлади, Ўз раҳматидан қувди. Шайтон эса, қувилаётган пайтда: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан», деди. Мени шуларнинг сабабидан лаънатлаяпсан, мен булардан маълум миқдорни ўз йўлимга чиқариб, куфр ва исёнга чорлайман, деди. Яъни, бандаларингни тўғри йўлдан — Сенинг йўлингдан адаштираман ва уларни хом хаёлларга соламан — умримиз узун бўлади, маза қилиб юрамиз, қайта тирилиш ҳам, ҳисоб-китоб ҳам, қиёмат ҳам йўқ, деб юраверадиган қилиб қўяман, дейди.)

Tafsir

Уларни Сенинг тўғри йўлингдан оздираман, залолатни бўяб кўрсатадиган ёлғон ваъдалар билан хомхаёлларга мубтало қиламан, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаромга айлантириш учун уларни чорваларнинг қулоқларини кесишга буюраман, Аллоҳ яратган нарсаларни асл табиатидан ўзгартириб-бузишга чорлайман". Ким шайтонни ўзига дўст тутиб, унга итоат этса, у аниқ-тиниқ зиёнга учрабди.