يُوصِيكُمُ ٱللَّهُ فِيٓ أَوۡلَٰدِكُمۡۖ لِلذَّكَرِ مِثۡلُ حَظِّ ٱلۡأُنثَيَيۡنِۚ فَإِن كُنَّ نِسَآءٗ فَوۡقَ ٱثۡنَتَيۡنِ فَلَهُنَّ ثُلُثَا مَا تَرَكَۖ وَإِن كَانَتۡ وَٰحِدَةٗ فَلَهَا ٱلنِّصۡفُۚ وَلِأَبَوَيۡهِ لِكُلِّ وَٰحِدٖ مِّنۡهُمَا ٱلسُّدُسُ مِمَّا تَرَكَ إِن كَانَ لَهُۥ وَلَدٞۚ فَإِن لَّمۡ يَكُن لَّهُۥ وَلَدٞ وَوَرِثَهُۥٓ أَبَوَاهُ فَلِأُمِّهِ ٱلثُّلُثُۚ فَإِن كَانَ لَهُۥٓ إِخۡوَةٞ فَلِأُمِّهِ ٱلسُّدُسُۚ مِنۢ بَعۡدِ وَصِيَّةٖ يُوصِي بِهَآ أَوۡ دَيۡنٍۗ ءَابَآؤُكُمۡ وَأَبۡنَآؤُكُمۡ لَا تَدۡرُونَ أَيُّهُمۡ أَقۡرَبُ لَكُمۡ نَفۡعٗاۚ فَرِيضَةٗ مِّنَ ٱللَّهِۗ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ عَلِيمًا حَكِيمٗا ١١
Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади. Агар улар иккитадан кўп (аёл) бўлсалар, уларга у (ота) қолдирганнинг учдан иккиси. Агар қиз битта бўлса, унга ярми. Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у тарк қилган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмаса ва ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарзини адо этгандан сўнг. Оталарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмассизлар. Бу, Аллоҳ жорий қилган фарздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир. 4
Izohlar
4 (Ал-Авфий Ибн Аббосдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Аллоҳ таоло ўғил ва қизларга ота-оналарга мерос бобида фарз қилган ҳукмлар ҳақида оятлар туширганда баъзи одамларга ёқмади. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаломнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қиз болага отасининг меросидан ярми бериладими? Ахир, у от миниб, душманга қарши урушмайди-ку! Қўлидан ҳеч нарса келмайдиган гўдакка ҳам мерос бериладими?» дейишди. Уларнинг бу тутимларига жавобан Аллоҳ таоло: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр қилади», деб бошланувчи ояти каримани нозил қилди.)
Tafsir
Аллоҳ болаларингизнинг мероси ҳақида амр этади. Бир ўғилга икки қиз улуши. Ўғил бўлмасдан бир неча қизлар бўлса, уларга учдан иккиси тегади. Агар қиз ёлғиз бўлса, унга мероснинг ярми. Марҳумнинг ўғил ё қизи бўлса, отаси ҳам, онаси ҳам олтидан бир улуш оладилар. Ота-онасидан бошқа меросхўри бўлмаса, онасига учдан бири, қолгани отасиникидир. Марҳумнинг икки ёки ундан ортиқ ака-ука ёки опа-сингиллари бўлса, улар туғишган бўлиши ё бўлмаслигидан қатъи назар, онасига олтидан бир улуш тегади. Қолганини эса асаба сифатида ота олади. Ота борлиги туфайли ака-укаларга меросдан улуш тегмайди. Бу тақсимот марҳум қилиб кетган васият адо этилганидан кейин бўлади. Васиятнинг икки шарти бор. Биринчидан, васият маййит қолдириб кетаётган тариканинг - мулкнинг учдан биридан ошмаслиги, иккинчидан, унинг бўйнидаги қарзи адо этилган бўлиши шарт. Аллоҳ мерос тақсимоти шундай бўлишини тайинлади. Чунки сизлар оталарингиз ва болаларингиздан қайси бири сизларга дунёю охиратда кўпроқ фойда келтиришини билмайсизлар. Гоҳида ўлими яқинлашаётган одам бир меросхўрини яхши деб ўйлаб, ҳамма мулкини унга бериб юборади ёки бошқа бир меросхўрини ёмон деб ўйлаб, уни меросдан маҳрум қилади. Аслида эса ҳолат тамоман акси бўлиши ҳам мумкин. Бу ишларнинг ҳаммасини ёлғиз Аллоҳгина билади. Ҳеч иш У Зотдан яширин эмас. Шунинг учун меросни мазкур тарзда тақсим этиб, уни бандаларига фарз қилди. Аллоҳ бандаларига нима фойдали эканини яхши биладиган, ҳар бир шариатини, тадбирини ҳикмат билан қиладиган Зотдир.