وَيَوۡمَ نَبۡعَثُ مِن كُلِّ أُمَّةٖ شَهِيدٗا ثُمَّ لَا يُؤۡذَنُ لِلَّذِينَ كَفَرُواْ وَلَا هُمۡ يُسۡتَعۡتَبُونَ ٨٤
У кунда барча умматлардан гувоҳ келтирурмиз, сўнгра, куфр келтирганларга (узр учун) изн ҳам берилмас ва улар итобга ҳам қайтарилмаслар. 33
Izohlar
33 (Қиёматда Аллоҳ таоло ўтган умматлардан ҳар бирига ўзининг пайғамбарини гувоҳ қилиб келтиради. Кўпчилик олдида ҳамма нарса аён бўлади. Шармандаси чиққан кофирлар, узр айтмоқчи бўладилар. Аммо узр айтишга изн берилмайди. Улар ҳаёти дунёга яна қайтарилишларини, итобдан сўнг яхши ишлари қилишларига имкон берилишини сўрайдилар. Унга ҳам изн берилмайди.)
Tafsir
Эй Пайғамбар, эсланг. Аллоҳ ҳар бир умматдан ўзининг пайғамбарини гувоҳ қилиб келтиради. У мўминнинг мўминлигига ва кофирнинг кофирлигига гувоҳ бўлади. Шундан кейин кофирнинг узр айтишига имкон берилмайди. Дунёга қайтиб, Парвардигорини рози қиладиган ишларни қилиб олишига ҳам рухсат бўлмайди. Охират амал диёри эмас, ҳисоб диёридир.