Al-Qasas surasi, 38-oyat

28:38

وَقَالَ فِرۡعَوۡنُ يَٰٓأَيُّهَا ٱلۡمَلَأُ مَا عَلِمۡتُ لَكُم مِّنۡ إِلَٰهٍ غَيۡرِي فَأَوۡقِدۡ لِي يَٰهَٰمَٰنُ عَلَى ٱلطِّينِ فَٱجۡعَل لِّي صَرۡحٗا لَّعَلِّيٓ أَطَّلِعُ إِلَىٰٓ إِلَٰهِ مُوسَىٰ وَإِنِّي لَأَظُنُّهُۥ مِنَ ٱلۡكَٰذِبِينَ ٣٨

Ва Фиръавн: «Эй, аъёнлар, мен сизларга ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман. Бас, эй, Ҳомон, лойга ўт ёқиб, мен учун бир баланд қаср қур, шоядки (унга чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсам. Албатта, мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман», деди. 14

Izohlar

14 (Худолик даъвосида бўлган аҳмоқ фиръавнлар ўйламай, оғзига нима келса гапираверади. Вазирига нимани хоҳласа, буюраверади. Ҳомон лойга ўт ёқиб ғишт пишириб, ўта баланд қаср қурармиш, Фиръавн унга чиқиб, осмонда Аллоҳни кўрар эмиш. Аллоҳ осмонда сенинг чиқишингга қараб турадиган зотмиди?! Сенга ўхшаган ифлос Аллоҳнинг даргоҳига бора олармиди?! Осмон сенга ўхшаш бандалар учун Аллоҳ таоло томонидан яратилган бир нарса-ку, нима учун Аллоҳни осмон билан чегаралаб қўймоқчисан?! Ушбу саволлар ҳам ўзини худо санаётган Фиръавнинг нақадар эси паст эканини тушунишга ёрдам беради. Ўша эси паст махлуқ ўзининг аҳмоқона гапи билан Аллоҳ юборган Пайғамбар Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқармоқда.)

Tafsir

Фиръавн ўзининг аъёнларига қарата деди: "Эй, аъёнлар, мен сизларга ўзимдан бошқа бир маъбуд борлигини билмаганман. Бас, эй Ҳомон, лойга ўт ёқиб, уни пишит, ғишт қил ва мен учун бир баланд қаср қур, шоядки, унга чиқиб, Мусонинг худосини кўрсам. Мен Мусонинг ўзини Аллоҳ тарафидан юборилган пайғамбарман, деган даъвоси ёлғон, деб ўйламоқдаман".