Al-Qasas surasi, 15-oyat

28:15

وَدَخَلَ ٱلۡمَدِينَةَ عَلَىٰ حِينِ غَفۡلَةٖ مِّنۡ أَهۡلِهَا فَوَجَدَ فِيهَا رَجُلَيۡنِ يَقۡتَتِلَانِ هَٰذَا مِن شِيعَتِهِۦ وَهَٰذَا مِنۡ عَدُوِّهِۦۖ فَٱسۡتَغَٰثَهُ ٱلَّذِي مِن شِيعَتِهِۦ عَلَى ٱلَّذِي مِنۡ عَدُوِّهِۦ فَوَكَزَهُۥ مُوسَىٰ فَقَضَىٰ عَلَيۡهِۖ قَالَ هَٰذَا مِنۡ عَمَلِ ٱلشَّيۡطَٰنِۖ إِنَّهُۥ عَدُوّٞ مُّضِلّٞ مُّبِينٞ ١٥

Ва у шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатдалик пайтда кирди. Унда уришаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса, душманларидан эди. Бас, ўз гуруҳидан бўлган душман бўлганга қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди. У(Мусо): «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздиргувчидир», деди. 5

Izohlar

5 (Шаҳар аҳолиси ғафлатда бўладиган пайт, туш вақтидир. Иссиқ юртларда, жумладан, Мисрда ҳам туш пайти шаҳар ва қишлоқ аҳолиси кундузги уйқуда бўладилар. Мусо алайҳиссалом бири ўз қавми — Бани Исроилдан, иккинчиси душман — Фиръавн қавмидан бўлган икки кишининг уришаётганини кўрдилар. Бани исроиллик киши Мусо алайҳиссаломдан қибтийга қарши ёрдам сўрар эди. «Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди». Мусо алайҳиссалом қибтийни умуман ўлдирмоқчи эмас эдилар. Унинг ўлиб қолганини кўриб қаттиқ афсусландилар.)

Tafsir

У шаҳарга одамлар дам олаётган пайтда кириб борди. Қараса, икки одам урушяпти. Бири ўзининг қавмидан бўлиб, иккинчиси Фиръавннинг қавми қибтийлардан эди. Қабиладоши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо қабиладошига ёрдам бериб, қибтийни бир урган эди, зарбанинг қаттиқлигидан у ўлиб қолди. Бу ишни Мусо қуйидагича ифодалади: "Бу шайтоннинг гуноҳни чиройли қилиб кўрсатиб, одамни йўлдан оздиришидир. У инсонга очиқ душман. Ўзига эргашган одамни адаштиради. Мен тарафимдан содир бўлган бу иш ҳам унинг васвасаси билан юз берди".