وَأَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبَ بِٱلۡحَقِّ مُصَدِّقٗا لِّمَا بَيۡنَ يَدَيۡهِ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَمُهَيۡمِنًا عَلَيۡهِۖ فَٱحۡكُم بَيۡنَهُم بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُۖ وَلَا تَتَّبِعۡ أَهۡوَآءَهُمۡ عَمَّا جَآءَكَ مِنَ ٱلۡحَقِّۚ لِكُلّٖ جَعَلۡنَا مِنكُمۡ شِرۡعَةٗ وَمِنۡهَاجٗاۚ وَلَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ لَجَعَلَكُمۡ أُمَّةٗ وَٰحِدَةٗ وَلَٰكِن لِّيَبۡلُوَكُمۡ فِي مَآ ءَاتَىٰكُمۡۖ فَٱسۡتَبِقُواْ ٱلۡخَيۡرَٰتِۚ إِلَى ٱللَّهِ مَرۡجِعُكُمۡ جَمِيعٗا فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمۡ فِيهِ تَخۡتَلِفُونَ ٤٨
Ва Биз сенга китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги Китобни тасдиқловчи ва унинг устидан назорат этгувчи қилиб нозил қилдик. Бас, улар орасида Аллоҳ нозил этган нарса ила ҳукм юрит. Ўзингга келган ҳақни қўйиб, уларнинг хоҳишларига эргашма. Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди. Аммо У сизларни Ўзи ато этган нарсада синамоқ истайдир. Яхшиликка шошилингиз. Ҳаммангизнинг қайтар жойингиз Аллоҳ ҳузуридадир. Бас, ўшанда ихтилоф қилган нарсаларингиз ҳақида хабар берур. 27
Izohlar
27 (Қуръон, ундан келиб чиқадиган Ислом шариати Аллоҳ томонидан тушган. Ким уни инкор этса, Аллоҳни инкор этади. Яъни, Қуръони Карим ўзидан олдинги китобларда келган илоҳий таълимотларни тасдиқлайди. У охирги ва боқий китоб, шунинг учун ҳам олдинги китобларга ҳақиқий баҳони у беради. Қуръони Карим охирги китоб бўлгани учун ҳам ҳамма таълимотлар устидан нозир ва ҳакамдир. Улардаги ихтилоф ва келишмовчиликлар ҳақидаги ҳукмлар ҳам Қуръондан чиқади.)
Tafsir
Эй Пайғамбар алайҳиссалом, сизга Қуръонни Аллоҳ тарафидан эканига ҳеч шак-шубҳа аралашмаган ҳаққирост қилиб туширдик. У ўзидан олдинги самовий китобларни тасдиқлаб ва улар устидан назорат ўрнатиб келди. Олдинги китоблардан Қуръонга мувофиқ жойи ҳақдир, қолгани эса ботил. Шундай экан, одамлар орасида Аллоҳ сизга нозил қилган ваҳий билан ҳакамлик қилинг. Ўзингизга нозил бўлган шак-шубҳасиз ҳақни қўйиб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашиб кетманг. Ҳар бир умматга амалий ҳукмлардан иборат бир шариат ва ҳидоятни топиб олишлари учун бир йўл қилиб бердик. Аллоҳ хоҳлаганида ҳамма шариатларни битта қилиб қўярди. Лекин У Зот синов учун шундай қилди. Токи, осий итоаткордан ажралсин. Шундай экан, эзгуликлар қилишга ва ёвузликлардан тийилишга шошилинглар. Қиёмат куни борар жойингиз Аллоҳгадир. Ўшанда Аллоҳ сизлар ихтилоф қилган ишлар ҳақида хабар берур ва қилган амалларингизга яраша сизларга жазо ёки мукофот тайин қилур.