قَالَ رَجُلَانِ مِنَ ٱلَّذِينَ يَخَافُونَ أَنۡعَمَ ٱللَّهُ عَلَيۡهِمَا ٱدۡخُلُواْ عَلَيۡهِمُ ٱلۡبَابَ فَإِذَا دَخَلۡتُمُوهُ فَإِنَّكُمۡ غَٰلِبُونَۚ وَعَلَى ٱللَّهِ فَتَوَكَّلُوٓاْ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِينَ ٢٣
Улардан У зотдан қўрқадиганлардан бўлган ва Аллоҳ уларга неъмат ато этган икки киши: «Уларнинг устига эшикдан кириб боринглар. Агар унга кирсаларинг, албатта ғолиб бўласизлар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккал қилингиз», – дедилар. 15
Izohlar
15 (Мусо алайҳиссалом муқаддас ердаги аҳволни билиш мақсадида олдин ўн иккита нақиб — вакил юборган эдилар. Ушбу оятда зикри келган, Аллоҳдан қўрқувчи ва унинг неъматига сазовор бўлган икки киши ўша нақиблардан эди. Аллоҳдан қўрқадиган банда ҳеч қачон бошқадан қўрқмайди. Чунки бир қалб икки хавфни кўтармайди. Аллоҳдан қўрқмаган эса, ҳаммадан қўрқади. Ушбу икки солиҳ банда ҳам Аллоҳдан қўрқадиганлардан бўлганлари учун, қўрқмасдан муқаддас ерга бориб, у ерда юрган катта жуссали, бақувват ва зўравон қавмни ўз кўзлари билан кўриб келдилар. Қавмларини Аллоҳнинг амрига итоат этиб ўша зўравон қавм устига дадил бостириб бораверишга ундадилар. Аммо Худодан қўрқмаганлар Аллоҳнинг амрига итоат этмасликларига зўравон қавмдан қўрқишларини баҳона қилдилар.)
Tafsir
Мусо алайҳиссаломнинг асҳобидан Аллоҳдан қўрқадиган ва Аллоҳнинг тавфиқига мушарраф бўлган икки киши қавмини Мусо алайҳиссаломга итоат этишга тарғиб этиб, шундай дедилар: "Золимларга қарши шаҳар дарвозасидан кириб боринглар. Остонадан ўтиб олсангизлар, тамом, Аллоҳнинг изни ила сизлар ғолибсизлар. Зеро, ғалаба келиши борасидаги Аллоҳнинг қонунияти шуни тақозо қилади. Ғалабага эришиш учун муносиб воситаларни қўлламоқ лозим. Бунинг учун воситаларнинг Аллоҳга бўлган иймондан келиб чиқиши ва моддий воситаларни ҳам тайёрлаб қўйиш керак бўлади. Шундай экан, мўминлигингиз чин бўлса, ёлғиз Аллоҳгагина таянинглар, таваккал қилинглар. Негаки, иймон ёлғиз У Зотгагина таваккал қилишни тақозо этади.