Al-Kahf surasi, 45-oyat

18:45

وَٱضۡرِبۡ لَهُم مَّثَلَ ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا كَمَآءٍ أَنزَلۡنَٰهُ مِنَ ٱلسَّمَآءِ فَٱخۡتَلَطَ بِهِۦ نَبَاتُ ٱلۡأَرۡضِ فَأَصۡبَحَ هَشِيمٗا تَذۡرُوهُ ٱلرِّيَٰحُۗ وَكَانَ ٱللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ مُّقۡتَدِرًا ٤٥

Уларга дунё ҳаётининг мисолини келтир. У, Биз осмондан туширган сувга ўхшайди. Унинг сабаби ила ер набототлари аралашиб чиқди. Бас, хашакка айланиб, уни шамол учириб кетди. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир бўлган Зотдир. 20

Izohlar

20 (Аллоҳ таоло бу оятда дунё ҳаётини, ердан униб чиқадиган набототларга ўхшатмоқда. Ёмғир ёққанида кўзни қувонтирувчи ям-яшил ўсимликлар ўсиб чиққандек, кишига янги ҳаёт берилганида ҳам бу дунё унга гўзал, ёш, чиройли ва лаззатли кўринади. Аммо вақт ўтиши билан набототлар қуриб, хашакка айланиб, уларни шамол учириб кетгани сингари, ҳаётнинг ҳам ўткинчи эканлиги аён бўлиб қолади. Шунинг учун ўткинчи нарсага алданиб қолмаслик керак. Қодир Аллоҳни ҳеч қачон унутмасдан, охиратга, абадий ҳаётга тайёргарлик кўриш лозим.)

Tafsir

Эй Пайғамбар, дунёга алданиб қолганларга бир мисол келтиринг. Дунё завол топиш ва тезда фанога юз тутиш борасида худди осмондан бир ёмғир ёғиб, у туфайли ер юзида ўсимликлар униб, салдан кейин эса улар қуриб-қовжираб, синиб-парчаланиб, синган бўлакларини шамоллар учириб кетишига, ер эса яна боягидек тап-тақир бўлиб қолишига ўхшайди. Аллоҳ ҳар доим ҳар ишга қодир. У Зотнинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Истаган пайтида жон ато этади, истаган пайтида фано чоҳига отади.