وَأُحِيطَ بِثَمَرِهِۦ فَأَصۡبَحَ يُقَلِّبُ كَفَّيۡهِ عَلَىٰ مَآ أَنفَقَ فِيهَا وَهِيَ خَاوِيَةٌ عَلَىٰ عُرُوشِهَا وَيَقُولُ يَٰلَيۡتَنِي لَمۡ أُشۡرِكۡ بِرَبِّيٓ أَحَدٗا ٤٢
Ва унинг меваси (ҳалокат-ла) ўралди. Ўзи эса, унга сарф қилгани ҳасратидан чапак чалиб, боғида ишкомлар йиқилиб ётганини кўриб: «Қани энди Роббимга ҳеч кимни шерик қилмаганимда», деб қолаверди.
Tafsir
Мўминнинг айтгани бўлди. Кофирнинг боғи завол топиб, мевалари қуриди. Бечора кофир уни обод қилиш учун сарфлаган пулларига ачиниб, ҳасрату надомат гирдобида қолди. Узумларни ушлаб турадиган сўритоклар йиқилиб, боғ пайҳон бўлиб, вайронага айланди. Шундан сўнг кофир: "Ёлғиз Парвардигоримга иймон келтириб, У Зотга ҳеч кимни шерик қилмаганимда қани эди", деб қолди.