وَلَا يَحۡسَبَنَّ ٱلَّذِينَ يَبۡخَلُونَ بِمَآ ءَاتَىٰهُمُ ٱللَّهُ مِن فَضۡلِهِۦ هُوَ خَيۡرٗا لَّهُمۖ بَلۡ هُوَ شَرّٞ لَّهُمۡۖ سَيُطَوَّقُونَ مَا بَخِلُواْ بِهِۦ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِۗ وَلِلَّهِ مِيرَٰثُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۗ وَٱللَّهُ بِمَا تَعۡمَلُونَ خَبِيرٞ ١٨٠
Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳгадир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. 77
Izohlar
77 (Ислом дини таълимоти бўйича, инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.)
Tafsir
Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган бойликдан Аллоҳнинг ҳақини - закотни беришга бахиллик қилган кимсалар бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу ишлари улар учун ёмонликдир. Чунки шу бахиллик қилган нарсалари яқинда Қиёмат кунида бўйинларига тавқи лаънат бўлиб осилади ва у билан азобланадилар. Осмонлару ердаги ҳамма нарса ёлғиз Аллоҳга мерос бўлиб қолади. Ҳамма махлуқотлар ўлиб кетганидан кейин ҳам У Зот тирик бўлади. Аллоҳ қилаётган ишларингизни энг нозик нуқталаригача кўриб-билиб турибди ва яқинда муносиб жазо ёки мукофотингизни беради.