Al-Imran surasi, 179-oyat

3:179

مَّا كَانَ ٱللَّهُ لِيَذَرَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ عَلَىٰ مَآ أَنتُمۡ عَلَيۡهِ حَتَّىٰ يَمِيزَ ٱلۡخَبِيثَ مِنَ ٱلطَّيِّبِۗ وَمَا كَانَ ٱللَّهُ لِيُطۡلِعَكُمۡ عَلَى ٱلۡغَيۡبِ وَلَٰكِنَّ ٱللَّهَ يَجۡتَبِي مِن رُّسُلِهِۦ مَن يَشَآءُۖ فَـَٔامِنُواْ بِٱللَّهِ وَرُسُلِهِۦۚ وَإِن تُؤۡمِنُواْ وَتَتَّقُواْ فَلَكُمۡ أَجۡرٌ عَظِيمٞ ١٧٩

Аллоҳ мўминларни покидан нопокини ажратмасдан, сиз турган ҳолда, қўйиб қўймас. Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор қилиб қўймас. Лекин Аллоҳ Ўз Пайғамбарларидан кимни хоҳласа, танлаб оладир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринглар. Агар иймон келтирсангиз ва тақво қилсангиз, сизларга улуғ ажр бордир. 76

Izohlar

76 (Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларни мунофиқларга аралаш бўлиб юраверишларига қўйиб қўймаслигини, балки ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиб олишни айтмоқда. Одатда, бундай пайтларда синов, имтиҳон усули ишга солинади. Уҳуд уруши ҳам ана шундай: покни нопокдан, ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиб олиш учун синов, имтиҳон бўлди.)

Tafsir

Эй мўминлар, чин мўмин ким-у, мунофиқ ким экани аниқ билинмасдан, турли вазифалару синовлар орқали пок мўминни нопок мунофиқдан ажратиб олмасдан, сизларни шу аҳволингизга ташлаб қўйиш Аллоҳнинг ҳикматидан эмас. Сизларни ғайбдан хабардор қилиб, мўминни мунофиқдан ажратиб оладиган билимдан хабардор қилиш ҳам Аллоҳнинг ҳикматидан эмас. Аллоҳ Ўзи истаган пайғамбарини танлаб олиб, уни айрим ғайб ишларидан хабардор қилади. Чунончи, Муҳаммад алайҳиссаломни мунофиқлар аҳволидан хабар қилганди. Шундай экан, Аллоҳ ва Расулига чин дилдан иймон келтиринглар. Ҳақиқий мўмин бўлиб, Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қилсангизлар, сизлар учун Аллоҳнинг ҳузурида буюк савоб бордир.