Al-Imran surasi, 140-oyat

3:140

إِن يَمۡسَسۡكُمۡ قَرۡحٞ فَقَدۡ مَسَّ ٱلۡقَوۡمَ قَرۡحٞ مِّثۡلُهُۥۚ وَتِلۡكَ ٱلۡأَيَّامُ نُدَاوِلُهَا بَيۡنَ ٱلنَّاسِ وَلِيَعۡلَمَ ٱللَّهُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَيَتَّخِذَ مِنكُمۡ شُهَدَآءَۗ وَٱللَّهُ لَا يُحِبُّ ٱلظَّٰلِمِينَ ١٤٠

Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам шунга ўхшаш жароҳат етган. Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз. Токи, Аллоҳ иймон келтирганларни билиши учун ва улардан шаҳидларни чиқариб олиши учун. Ва Аллоҳ золимларни севмас. 59

Izohlar

59 (Яъни, бир ундай, бир бундай бўлиб туради. Агар иш бир хилда тураверса, дунёнинг қизиғи қолмайди. Доимо мусулмонлар ғолиб келаверса, ҳамма ўзини мусулмон деб эълон қилиб юборади. Оқибатда ҳамма аралашиб кетиб, ким ҳақиқий мўмин-мусулмон, ким юзаки эканини одамлар била олмай қоладилар. Қийинчилик, оғир ҳолатларда мўминлар мунофиқлардан ажраб чиқадилар. Шу билан бирга, мўминлар ичида янада олимақомлари — шаҳидлари ҳам ажраб чиқадилар. («Шаҳид»ларнинг иккинчи маъноси гувоҳлардир.))

Tafsir

Эй мўминлар, Уҳуд кунида сизлар ўлим ва жароҳат каби мусибатларга йўлиққан бўлсангизлар, худди шундай мусибатларга кофирлар ҳам йўлиқдилар. Аллоҳ кунларни мўмину кофир одамлар орасида айлантириб туради. Истаганига ғалаба беради, истаганига мағлубият. Бу ишлар остида етук ҳикматлар бор. Улардан бири чин мўминларни мунофиқлардан ажратиб олиш бўлса, яна бири Аллоҳ таолонинг Ўзи истаган бандасини шаҳидлик мақоми билан сийлашидир. Аллоҳ жиҳодни тарк қилиш билан ўзига ўзи зулм қилганларни яхши кўрмайди.