قَدۡ كَانَ لَكُمۡ ءَايَةٞ فِي فِئَتَيۡنِ ٱلۡتَقَتَاۖ فِئَةٞ تُقَٰتِلُ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَأُخۡرَىٰ كَافِرَةٞ يَرَوۡنَهُم مِّثۡلَيۡهِمۡ رَأۡيَ ٱلۡعَيۡنِۚ وَٱللَّهُ يُؤَيِّدُ بِنَصۡرِهِۦ مَن يَشَآءُۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَعِبۡرَةٗ لِّأُوْلِي ٱلۡأَبۡصَٰرِ ١٣
«Сизга тўқнашган икки фирқада ибрат бор эди. Бир фирқа Аллоҳнинг йўлида уришадир. Бошқаси кофирдир. Улар ўз кўзлари билан (душман) ўзларига икки баробарлигини кўриб турардилар. Ва Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани Ўз нусрати ила қўллайдир. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибрат бордир», деб айт. 6
Izohlar
6 (Маълумки, Бадр урушида мушрикларнинг сони мусулмонларнинг ададидан уч баробар кўп эди. Шунга қарамай, Аллоҳ таолонинг нусрати билан мусулмонлар ғолиб келдилар.)
Tafsir
Бадр кунида жанг қилиш учун тўқнаш келган икки гуруҳда сизлар учун ибрат бор эди. Улардан бири Аллоҳ йўлида Аллоҳнинг калимаси олий бўлиши, кофирлар калимаси эса маҳв этилиши учун жанг қилаётган Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалардан иборат мўминлар гуруҳи бўлса, иккинчиси каттазанглик, риё ва тарафкашлик байроғи остида урушга чиққан Макка кофирлари эди. Мўминлар уларнинг икки баробар кўплигини ўз кўзлари билан кўрдилар. Аллоҳ Ўзининг дўстларига нусрат-ғалаба берди. Аллоҳ Ўзи истаган бандаларини ғалаба билан қувватлайди. Бу ишда фикр юрита оладиганлар учун ибрат ва насиҳат бордир. Токи, ғалаба сони оз бўлса-да, аҳли иймонники эканини, мағлубият эса сони кўп бўлса-да, аҳли ботилники эканини билиб олсинлар.