هُوَ ٱلَّذِيٓ أَخۡرَجَ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ مِنۡ أَهۡلِ ٱلۡكِتَٰبِ مِن دِيَٰرِهِمۡ لِأَوَّلِ ٱلۡحَشۡرِۚ مَا ظَنَنتُمۡ أَن يَخۡرُجُواْۖ وَظَنُّوٓاْ أَنَّهُم مَّانِعَتُهُمۡ حُصُونُهُم مِّنَ ٱللَّهِ فَأَتَىٰهُمُ ٱللَّهُ مِنۡ حَيۡثُ لَمۡ يَحۡتَسِبُواْۖ وَقَذَفَ فِي قُلُوبِهِمُ ٱلرُّعۡبَۚ يُخۡرِبُونَ بُيُوتَهُم بِأَيۡدِيهِمۡ وَأَيۡدِي ٱلۡمُؤۡمِنِينَ فَٱعۡتَبِرُواْ يَٰٓأُوْلِي ٱلۡأَبۡصَٰرِ ٢
У зот аҳли китобдан бўлган кофирларни ўз диёрларидан биринчи ҳашр учун чиқарган Зотдир. Уларни чиқар деб ўйламаган эдингиз. Ўзлари ҳам, қўрғонимиз бизни Аллоҳ(азоби)дан сақлаб қолур, деб ўйлашарди. Аллоҳ улар ўйламаган тарафдан олди ва уларнинг қалбига қўрқинч солди. Уйларини ўз қўллари билан ва мўминларнинг қўллари билан буза бошладилар. Ибрат олинг, эй, ақл эгалари! 1
Izohlar
1 (Яҳудийлар қўрғонларига ишониб, бизга ҳеч қандай ёмонлик етиши мумкин эмас, деб хотирлари жам эди. Лекин Аллоҳ таоло улар ўйламаган, хаёлларига келмаган ишни амр қилди. Қўрғонлар жойида қолиб, яҳудийларнинг қалбларидан путур кетди. Аллоҳ уларнинг қалбларига қўрқинч ва ваҳима солди. Ана шунда, биз кўчиб кетсак, бу қўрғонлар мусулмонларга қолмасин, дея уйларини ўзлари буза бошладилар. Мусулмонлар қамал давомида биноларга ташқаридан путур етказди. Оқибатда мустаҳкам қўрғонлар вайрон бўлди. Бу воқеа ақли бор ҳар бир кишига ўрнак бўларлик бир огоҳлантиришдир. Демак, бандаси қанчалик хом хаёл қилмасин, Худонинг буюргани бўлади.)
Tafsir
Аллоҳ таоло Ўзига куфр келтирган ва пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончига чиқарган Бану Назир қабиласини ўз диёри Мадинадан сургун қилди. Уларнинг дастлабки сургуни Мадинадан Шом диёрларига бўлди. Булар Тавротга ишонган яҳудийлар бўлиб, Расулуллоҳ билан тузган битимларига хиёнат қилиб, у зотга қарши мушриклар билан бирлашган эдилар. Эй мўминлар, сизлар уларнинг куч-қудратини ва мустаҳкам ҳимояларини кўриб, ўз диёрларидан Шом ерларига чиқиб кетадилар, деб хаёл ҳам қилмаган эдингиз. Уларнинг ўзлари ҳам қурган қўрғонларимиз бизни Аллоҳ таолонинг қудратидан ва жазосидан ҳимоя қилади, деб ўйлаган эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбарига: ”Уларга қарши курашинг ва диёрларидан сургун қилинг”, дея амр қилган пайтда яҳудийларга ўзлари кутмаган томондан Аллоҳ таолонинг куч-қудрати намоён бўлди. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларига шу қадар қаттиқ қўрқув солдики, мусулмонлар кириб фойдаланмасин дея, ўз уйларини ўз қўллари билан ичкаридан буза бошладилар. Мўминлар эса ташқаридан бузардилар. Эй ақл эгалари, куфрлари сабабли уларнинг бошларига тушган азоб-уқубатлардан ибрат олинглар. Улар каби бўлманглар. Токи уларга берилган азоб-уқубатлар сизларга ҳам етиб қолмасин.