ٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّمَا ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَا لَعِبٞ وَلَهۡوٞ وَزِينَةٞ وَتَفَاخُرُۢ بَيۡنَكُمۡ وَتَكَاثُرٞ فِي ٱلۡأَمۡوَٰلِ وَٱلۡأَوۡلَٰدِۖ كَمَثَلِ غَيۡثٍ أَعۡجَبَ ٱلۡكُفَّارَ نَبَاتُهُۥ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَىٰهُ مُصۡفَرّٗا ثُمَّ يَكُونُ حُطَٰمٗاۖ وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِ عَذَابٞ شَدِيدٞ وَمَغۡفِرَةٞ مِّنَ ٱللَّهِ وَرِضۡوَٰنٞۚ وَمَا ٱلۡحَيَوٰةُ ٱلدُّنۡيَآ إِلَّا مَتَٰعُ ٱلۡغُرُورِ ٢٠
Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. У, худди, ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. Сўнгра у хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетказувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас. 10
Izohlar
10 (Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса бу ҳол ўткинчидир. Яъни, ўсимликлар тезда қурийди, ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади. Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак. Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор. Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъват, холос.)
Tafsir
Билингларки, дунё ҳаёти ўйин-кулги, кўнгил эрмаги, зеб-зийнатлар ҳамда ўзаро мол-дунё билан фахрланиш, бойлик ва бола-чақа кўплиги билан керилишдир. Бу худди бир ёмғирга ўхшайдики, унинг суви билан униб ўсган ўсимликлардан деҳқонлар ҳайратланади. Лекин у ҳеч қанча ўтмасдан қуриб, сарғайиб кетганини кўрасиз. Яна бироздан кейин эса қуруқ чўп бўлиб қолади. Охиратда эса кофирлар ва мунофиқлар учун қаттиқ азоб ҳамда Аллоҳ тарафидан мўмин бандалари учун мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти ўткинчи бир матоҳдир. Шу ўткинчи матоҳни охират неъматларидан устун қўйган одам муваффақиятсизликка учраган бадбахтдир.