Al-Hadid surasi, 19-oyat

57:19

وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ بِٱللَّهِ وَرُسُلِهِۦٓ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلصِّدِّيقُونَۖ وَٱلشُّهَدَآءُ عِندَ رَبِّهِمۡ لَهُمۡ أَجۡرُهُمۡ وَنُورُهُمۡۖ وَٱلَّذِينَ كَفَرُواْ وَكَذَّبُواْ بِـَٔايَٰتِنَآ أُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلۡجَحِيمِ ١٩

Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтирган кишилар, ана ўшалар, сиддиқлардир ва Роббилари ҳузуридаги шоҳидлардир. Уларнинг ажрлари ва нурлари бор. Куфр келтирганлар ва оятларимизни ёлғонга чиқарган кишилар, ана ўшалар дўзах эгаларидир. 9

Izohlar

9 (Ушбу оятда Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирганлар, сиддиқлар, деб аталмоқда. «Сиддиқ» аслида сўзига, эътиқодига ва амалига содиқ кишиларнинг сифатидир. Улар фазл ва мартабада пайғамбарлардан кейин турадилар. Уларнинг ҳаммаларига улуғ ажр ва қиёмат зулматида йўлларини ёритиб борадиган нур бордир. Кофирларга эса дўзах рўпара қилинади.)

Tafsir

Аллоҳга ва Унинг ҳамма элчиларига бирдек иймон келтирган зотлар, ана ўшалар Парвардигорлари ҳузурида сиддиқлар ва шаҳидлардир. Улар учун махсус улуғ савоб-мукофот тайёрлаб қўйилган. Уларнинг ўз нури бўлиб, Қиёмат куни олдиларида ва ўнг тарафларида юради. Аллоҳга ва Унинг элчиларига куфр келтириб, элчимизга нозил қилинган оятларни ёлғонга чиқарганлар эса, ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, Қиёмат куни унга кирадилар ва унда абадий қолиб, ҳеч қачон чиқмайдилар.