إِنَّ ٱلَّذِينَ يُبَايِعُونَكَ إِنَّمَا يُبَايِعُونَ ٱللَّهَ يَدُ ٱللَّهِ فَوۡقَ أَيۡدِيهِمۡۚ فَمَن نَّكَثَ فَإِنَّمَا يَنكُثُ عَلَىٰ نَفۡسِهِۦۖ وَمَنۡ أَوۡفَىٰ بِمَا عَٰهَدَ عَلَيۡهُ ٱللَّهَ فَسَيُؤۡتِيهِ أَجۡرًا عَظِيمٗا ١٠
Албатта, сенга байъат қилаётганлар фақат Аллоҳнинг Ўзига байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир. Ким (байъатни) бузса, ўзига қарши бузади, холос ва ким Аллоҳга қилган аҳдига вафо қилса, унга тезда улкан ажр берилур. 3
Izohlar
3 (Ҳудайбия сулҳидаги байъат пайтда Расули акрам алайҳиссалом хурмо дарахти остида ўтирган бўлганлари учун ҳам бу кунни «шажара (дарахт) куни» деб, байъатни эса «дарахт остидаги байъат», деб аталган. Саҳобалардан Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳу: «Дарахт куни» Пайғамбар алайҳиссалом одамларнинг байъатини қабул қилар эдилар, мен эса у кишининг бошларида бир шохни кўтариб турар эдим, ўшанда бир минг тўрт юз киши эдик», деганлар. Ҳар бир саҳобий Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўлларини тутиб туриб, уруш бўлиб қолса қочиб кетмаслик, дин йўлида жон фидо қилишга аҳду паймон берган. Ушбу ҳолатни Қуръони Карим Пайғамбар алайҳиссаломга қўл бериб, аҳду паймон қилишни Аллоҳ таолога аҳду паймон қилиш — байъат қилишдан ўзга нарса эмас, деб тушунтирмоқда.)
Tafsir
Эй Пайғамбар, Макка мушрикларига қарши уруш қилиш бўйича сизга Ризвон байъатини берадиганлар Аллоҳга байъат берган бўладилар. Чунки мушрикларга қарши жанг қилишга буюрган зот, Аллоҳнинг Ўзгинасидир. Мукофотларини берадиган ҳам Ўзи. Байъат вақтида Аллоҳнинг қўли, уларнинг қўллари устида бўлади. У Зот ҳаммасидан хабардор бўлиб туради. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмайди. Ким байъатини бузса, Аллоҳга берган аҳдига вафо қилмаса, У Зотнинг динини қўллаб-қувватламаса, бу ишидан фақат ўзи зарар кўради. Аллоҳга ҳеч қандай зарар бўлмайди. Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, У Зотнинг динини қўллаб-қувватласа, яқинда Аллоҳ унга улуғ мукофот беради. У мукофот - жаннатдир.