سَيَقُولُ لَكَ ٱلۡمُخَلَّفُونَ مِنَ ٱلۡأَعۡرَابِ شَغَلَتۡنَآ أَمۡوَٰلُنَا وَأَهۡلُونَا فَٱسۡتَغۡفِرۡ لَنَاۚ يَقُولُونَ بِأَلۡسِنَتِهِم مَّا لَيۡسَ فِي قُلُوبِهِمۡۚ قُلۡ فَمَن يَمۡلِكُ لَكُم مِّنَ ٱللَّهِ شَيۡـًٔا إِنۡ أَرَادَ بِكُمۡ ضَرًّا أَوۡ أَرَادَ بِكُمۡ نَفۡعَۢاۚ بَلۡ كَانَ ٱللَّهُ بِمَا تَعۡمَلُونَ خَبِيرَۢا ١١
Ортда қолган аъробийлар сенга: «Молимиз ва аҳлимиз бизни машғул қилди, бизга истиғфор айт», дейишар. Улар қалбларида йўқ нарсани тиллари ила айтурлар. Сен: «Агар Аллоҳ сизга зарарни ирода қилса ёки сизга манфаатни ирода қилса, ким сизларни Аллоҳдан (келадиган) бирор нарсадан (тўсишга) молик бўладир? Таъкидки, Аллоҳ қилган амалларингиздан хабардордир», деб айт. 4
Izohlar
4 (Улар аслида қўрқанлари учун «Қурайш яқинда Муҳаммадни Мадинада Уҳуд урушида мағлуб қилди, энди Муҳаммад уларнинг юртига бориб нима қила олар эди», дея қўшилмаган эдилар. Аммо Аллоҳ таолонинг ёрдами билан бу гал иш яхшилик билан тугаб, мусулмонларга зафар ёр бўлиб қайтганларида, иймони заиф хоинлар, Пайғамбар ҳузурига келиб, узр айта бошладилар.)
Tafsir
Эй Пайғамбар, аъробийлар орасидаги сиз билан Макка сафарида ҳамроҳ бўлмасдан ортда қолганларини койиб берган пайтингизда улар: "Мол-дунёларимиз ва бола-чақаларимиз билан овора бўлиб, сен билан бора олмай қолдик. Гуноҳларимиз учун бизнинг ҳақимизга Аллоҳдан мағфират сўрагин", дейдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мағфират сўрашини аслида истамайдилар. Тиллари билан дилларида йўқ нарсани сўрайдилар. Чунки улар гуноҳларига тавба қилмайдилар. Уларга айтинг: "Аллоҳ сизларга бирон яхшиликни истайдими ёки бирон ёмонликни истайдими, бирон одам сизлар учун Аллоҳнинг истагини тўхтатиб қола олмайди. Аксинча, Аллоҳ сизлар қилаётган ҳамма ишлардан Хабардордир. Ҳар қанча махфий қилишга уринманглар, бирон нарса У Зотдан яширин қолмайди".