Al-Baqarah surasi, 96-oyat

2:96

وَلَتَجِدَنَّهُمۡ أَحۡرَصَ ٱلنَّاسِ عَلَىٰ حَيَوٰةٖ وَمِنَ ٱلَّذِينَ أَشۡرَكُواْۚ يَوَدُّ أَحَدُهُمۡ لَوۡ يُعَمَّرُ أَلۡفَ سَنَةٖ وَمَا هُوَ بِمُزَحۡزِحِهِۦ مِنَ ٱلۡعَذَابِ أَن يُعَمَّرَۗ وَٱللَّهُ بَصِيرُۢ بِمَا يَعۡمَلُونَ ٩٦

Уларнинг ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканлигини биласан. Мушриклардан бирлари минг йил умр кўришни суядир. Аммо узоқ умр кўриши уни азобдан қутқармас. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўрувчидир.

Tafsir

Эй Муҳаммад, яҳудларнинг ҳар қанча хорлик, тубанлик билан бўлса ҳам яшаб қолишни истайдиган ҳаётга очкўз одамлар эканини кўрасиз. Улар қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга ишонадиган аҳли китоб бўлишларига қарамасдан, қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга инонмайдиган мушриклардан-да очкўзроқ кимсалардир. Улардан бири минг йил умр кўришни истайди. Ҳар қанча умр кўрмасин, у Аллоҳнинг азобидан қутула олмайди. Аллоҳ уларнинг амалларидан огоҳ бўлиб, кўриб-билиб туради ва қилган ишларига яраша жазо ёки мукофот беради. Ҳеч нарса У Зотдан махфий эмас.