وَإِذۡ قَالَ مُوسَىٰ لِقَوۡمِهِۦ يَٰقَوۡمِ إِنَّكُمۡ ظَلَمۡتُمۡ أَنفُسَكُم بِٱتِّخَاذِكُمُ ٱلۡعِجۡلَ فَتُوبُوٓاْ إِلَىٰ بَارِئِكُمۡ فَٱقۡتُلُوٓاْ أَنفُسَكُمۡ ذَٰلِكُمۡ خَيۡرٞ لَّكُمۡ عِندَ بَارِئِكُمۡ فَتَابَ عَلَيۡكُمۡۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلتَّوَّابُ ٱلرَّحِيمُ ٥٤
Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, албатта, сиз бузоқни (худо) тутишингиз ила ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз. Энди сизни бор қилувчи Зотга тавба қилинг, ўзингизни ўзингиз ўлдиринг, шундоқ қилмоғингиз сизни бор қилувчи Зот ҳузурида сиз учун яхшидир. Бас, У тавбангизни қабул қилди. Чунки У тавбани кўплаб қабул қилувчи ва раҳимли Зотдир», деганини эсланг. 22
Izohlar
22 (Бузоқни худо деб тутиш инсон учун, унинг ақли учун нақадар улкан ор бўлишига қарамай, Бани Исроил табиатидаги бузуқликдан келиб чиқиб, шу ишни ўзига эп кўрди ва бу билан ўзига ўзи зулм қилди.)
Tafsir
Неъматларимиздан яна бири шу эдики, Аллоҳ сизларни бузоққа ибодат қилишдан тавба қилишга муваффақ айлади. Мусо алайҳиссалом сизларга шундай деди: "Бузоқни ўзингларга Худо қилиб олиб, ўзингларга ўзинглар зулм қилдинглар. Энди тавба қилиб, сизларни яратган, йўқдан бор қилган Зотга қайтинглар! Бу иш бир-бирингларни ўлдириш билан бўлади. Шу тарзда тавба қилиш сизлар учун дўзахда абадий қолишдан кўра яхшироқдир". Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи ила бу ишни амалга оширдинглар ва Аллоҳ сизларни кечирди. Чунки У Кечиримли, Меҳрибон Зотдир.