أَيَوَدُّ أَحَدُكُمۡ أَن تَكُونَ لَهُۥ جَنَّةٞ مِّن نَّخِيلٖ وَأَعۡنَابٖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُ لَهُۥ فِيهَا مِن كُلِّ ٱلثَّمَرَٰتِ وَأَصَابَهُ ٱلۡكِبَرُ وَلَهُۥ ذُرِّيَّةٞ ضُعَفَآءُ فَأَصَابَهَآ إِعۡصَارٞ فِيهِ نَارٞ فَٱحۡتَرَقَتۡۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمُ ٱلۡأٓيَٰتِ لَعَلَّكُمۡ تَتَفَكَّرُونَ ٢٦٦
Сизлардан бирортангиз остидан анҳорлар оқиб турган хурмозор ва узумзор, турли мевали боғи бўлатуриб, ёши бир жойга етганда, заифҳол зурриёти бор пайтда унга ўтли бўрон келиб, ёниб битишини хоҳлайдими?! Аллоҳ сизларга шу тариқа Ўз оятларини баён қилур, шоядки, фикр юритсангиз. 124
Izohlar
124 (Аллоҳнинг йўлида қилинган садақа худди дарахтлари остидан шарқираб сувлар оқиб турган хурмозор ва узумзор, турли мевали боққа ўхшайди. Боғдан ҳаммага фойда — кўрган ҳам, кирган ҳам, еган ҳам ҳурсанд. Худди шунингдек, Аллоҳ йўлида қилинган садақа берганни ҳам, олганни ҳам, билганни ҳам хурсанд қилади. Ҳаммага ўз даражасида фойда етказади. Ана шундай олиймақом боғу бўстони бор одам шу боғнинг ўтли бўронда куйиб тугашини, хусусан, ёши бир жойга етиб, қўлидан бир иш келмай қолган чоғида, унинг қўлига қараб турган заифҳол зурриётлари бор чоғида шундай бўлишини хоҳлайдими? Албатта, йўқ. Аллоҳ йўлида садақа қилган одам ҳам гўё ўшандай боғу бўстонга эришган бўлади. Садақаси кетидан миннат этса ва озор етказса, худди ўтли бўрон билан боғини куйдиргандек бўлади. Садақасининг савоби қолмайди.)
Tafsir
Биронтангиз остидан дарёлар оқиб турадиган, хурмою узумлари пишиб турган, турли хил меваларга бой боғи бўлиб, кексайиб ҳеч иш қўлидан келмайдиган пайтида ўзидек нимжон, заиф болалари билан қолганида боғини ўтли бўрон уриб, ҳаммаси ёниб, култепага айланишини истайдими?! Нотавон ўзи ва нимжон болалари энг муҳтож бўлиб турган бир пайтида-я?! Молини риёкорлик билан сарфлайдиган одамнинг аҳволи мана шундай бўлади. Қиёмат кунида - мазкур қариядек бир савобга энг муҳтож бўлиб турган бир пайтида Аллоҳ таолога қуруқ қўл билан йўлиқади. Аллоҳ сизларга дунё ва охиратингиз учун фойдали бўлган оятларини мана шундай баён қилади. Шоядки, фикр юритсангизлар.