وَمَثَلُ ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمۡوَٰلَهُمُ ٱبۡتِغَآءَ مَرۡضَاتِ ٱللَّهِ وَتَثۡبِيتٗا مِّنۡ أَنفُسِهِمۡ كَمَثَلِ جَنَّةِۭ بِرَبۡوَةٍ أَصَابَهَا وَابِلٞ فَـَٔاتَتۡ أُكُلَهَا ضِعۡفَيۡنِ فَإِن لَّمۡ يُصِبۡهَا وَابِلٞ فَطَلّٞۗ وَٱللَّهُ بِمَا تَعۡمَلُونَ بَصِيرٌ ٢٦٥
Молларини Аллоҳнинг розилигини истаб, ўзларидаги ишонч билан сарфлайдиганлар худди тепаликдаги боққа ўхшайдир. Унга қаттиқ ёмғир ёғса, мевасини икки баробар беради. Агар қаттиқ ёмғир ёғмаса, майдалаб ёққани ҳам бўлаверади. Ва Аллоҳ қилаётганларингизни кўриб турувчи Зотдир.
Tafsir
Молларини Аллоҳнинг ризолигини истаб ва Аллоҳнинг ваъдасига аниқ ишониб, сидқидилдан сарфлайдиган мўминлар мисоли худди баланд ҳосилдор жойдаги бўстонга ўхшайди. Унга шаррос ёмғир қуйса, ҳосили мўл бўлади. Савалаб қуядиган ёмғир бўлмаса, севалаб ёққан ёмғир ҳам ери унумдор бўлгани учун кифоя қилаверади. Ихлос билан сарфлайдиган кишиларнинг инфоқ-эҳсонларини ҳам Аллоҳ қабул қилиб, ўзи оз бўлса-да, ажрини мўл қилиб беради. Аллоҳ сизларнинг қилаётган ишларингизни кўриб-билиб туради. Ким ихлос билан қиляпти, ким риё учун қиляпти, ҳаммасидан хабардор, бирон иш У Зотдан яширин қолмайди ва яқинда ҳаммага қилган ишига яраша жазо ёки мукофотини беради.