Al-Baqarah surasi, 246-oyat

2:246

أَلَمۡ تَرَ إِلَى ٱلۡمَلَإِ مِنۢ بَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ مِنۢ بَعۡدِ مُوسَىٰٓ إِذۡ قَالُواْ لِنَبِيّٖ لَّهُمُ ٱبۡعَثۡ لَنَا مَلِكٗا نُّقَٰتِلۡ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِۖ قَالَ هَلۡ عَسَيۡتُمۡ إِن كُتِبَ عَلَيۡكُمُ ٱلۡقِتَالُ أَلَّا تُقَٰتِلُواْۖ قَالُواْ وَمَا لَنَآ أَلَّا نُقَٰتِلَ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ وَقَدۡ أُخۡرِجۡنَا مِن دِيَٰرِنَا وَأَبۡنَآئِنَاۖ فَلَمَّا كُتِبَ عَلَيۡهِمُ ٱلۡقِتَالُ تَوَلَّوۡاْ إِلَّا قَلِيلٗا مِّنۡهُمۡۚ وَٱللَّهُ عَلِيمُۢ بِٱلظَّٰلِمِينَ ٢٤٦

Мусодан кейинги Бани Исроилдан бўлган аъёнларни билмадингми?! Вақтики ўз Набийларига: «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», – дедилар. У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, урушмасаларингизчи?!» – деди. Улар: «Бизга нима бўлибдики, диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо қилинсак ҳам, Аллоҳнинг йўлида урушмасак», – дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгиналаридан бошқалари юз ўгириб кетдилар. Ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчидир. 108

Izohlar

108 (Мусо алайҳиссалом вафот этиб кетганларидан кейин Бани Исроилнинг аъёнлари, катталари, ишбошиларидан бир гуруҳи ўз набийлари олдига келиб: «Бизга бир подшоҳ — бошлиқ тайин қилиб бер, унинг раҳбарлигида Аллоҳнинг йўлида урушмоқчимиз», дейишди. Улар «Аллоҳнинг йўлида уруш» қилмоқчилар. Лекин қуруқ ҳавас билан иш битмаслигини англаб етмайдилар. Ҳозир кенгликда туриб, бир-бирингизга қизиқиб, бизга подшҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик, демоқдалар. Ҳақиқатан шу иш йўлга қўйилса, уруш фарзга айланади ва унда орқага қайтишнинг иложи қолмайди. Ортга қайтган гуноҳкор бўлади.)

Tafsir

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Бани Исроилнинг Мусо алайҳиссаломдан кейинги улуғлари ҳақидаги хабардан воқиф эмасмисиз? Улар ўз пайғамбарига: “Бизга бир подшоҳ тайинлагин, Аллоҳ йўлида жанг қилайлик”, дейишди. Шунда пайғамбари: “Аллоҳ сизларга жанг қилишни фарз қилганидан кейин эҳтимол урушмассизлар?”, деди. Бу гапга эътироз билдиришиб: “Аллоҳ йўлида жанг қилишимизга асослар етарли-ку! Бизни урушдан нима қайтарар экан? Ахир душманларимиз ватанимиздан ҳайдадилар, болаларимизни асир олдилар. Энди ватанимизни қайтариб олиш ва асирларимизни озод қилиш учун жанг қиламиз”, дедилар. Аллоҳ уларга урушни фарз қилганидан кейин эса ваъдаларига вафо қилмай, кўпчилиги юз ўгириб кетдилар. Аҳдини бузиб, Аллоҳнинг фармонидан юз ўгирган золимларни Парвардигори олам кўриб-билиб турибди. Яқинда уларга бу қилмишларига яраша жазосини беради.