Al-Baqarah surasi, 126-oyat

2:126

وَإِذۡ قَالَ إِبۡرَٰهِـۧمُ رَبِّ ٱجۡعَلۡ هَٰذَا بَلَدًا ءَامِنٗا وَٱرۡزُقۡ أَهۡلَهُۥ مِنَ ٱلثَّمَرَٰتِ مَنۡ ءَامَنَ مِنۡهُم بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِۚ قَالَ وَمَن كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُۥ قَلِيلٗا ثُمَّ أَضۡطَرُّهُۥٓ إِلَىٰ عَذَابِ ٱلنَّارِۖ وَبِئۡسَ ٱلۡمَصِيرُ ١٢٦

Иброҳимнинг: «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», деганини эсла. У: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» – деди. 53

Izohlar

53 (Ушбу оятда иккинчи марта, энди Иброҳим алайҳиссалом тилларидан, Байтуллоҳнинг омонлик маскани бўлиши хабари келяпти. Аммо, одобли, сермулаҳаза пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом аввалги дарсдан сабоқ олиб, Аллоҳнинг мукофотини бу гал ҳаммага эмас, балки мўминларгагина сўрамоқдалар. Асосий қоида эса ўзгармасдир: «Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!» «Озгина ҳузур» кофирлар учун бу дунёда бериладиган зоҳирий ҳузурдир. Сўнгра эса, охиратда уларни дўзах азоби кутади.)

Tafsir

Эй Муҳаммад алайҳиссалом, эсланг! Иброҳим Парвардигорига дуо қилиб: "Парвардигоро, Маккани тинч-осуда шаҳар қилгин, у ерда ҳеч ким ёмонликка йўлиқмасин, аҳолисидан Сенга ва охират кунига иймон келтирганларини турли хил мевалар билан ризқлантиргин", деганида Аллоҳ таоло: "Кофир бўлганларига ҳам шу дунёда оз муддатга ризқ беравераман, охиратда эса дўзах азобига гирифтор қиламан, унинг қиёмат кунида борадиган жойи нақадар ёмон жой", деганди.