فَأَرۡسَلۡنَا عَلَيۡهِمُ ٱلطُّوفَانَ وَٱلۡجَرَادَ وَٱلۡقُمَّلَ وَٱلضَّفَادِعَ وَٱلدَّمَ ءَايَٰتٖ مُّفَصَّلَٰتٖ فَٱسۡتَكۡبَرُواْ وَكَانُواْ قَوۡمٗا مُّجۡرِمِينَ ١٣٣
Бас, уларнинг устидан тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қонларни очиқ-ойдин ва муфассал белгилар қилиб юбордик. Бас, улар мутакаббирлик қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар. 45
Izohlar
45 (Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг аҳли ваъз-насиҳатга қулоқ тутсин, инсофу иймонга келсин, қилаётган жиноятларидан қайтсин, деб уларга муфассал қилиб, алоҳида-алоҳида тарзда оят-белгиларни юборди. Баъзи уламоларнинг фикрича, Исро сурасидаги «Мусога тўққизта очиқ-ойдин, оят-белги бердик», дейилишига қараганда, тўққиз йилда тўққизта оят юборган, чунончи: асо, қўл, қаҳатчилик, мева ва жонларни нуқсонга учратиш, тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қон. Аллоҳ таоло ҳар гал бало юборганида, Фиръавн аҳли дод-вой солишиб, тавба қилишар, жиноятларини тарк этишга ва Бани Исроилни қўйиб юборишга Мусо алайҳиссаломга ваъда беришар эди.)
Tafsir
Шунда Биз уларни ҳақни тан олмай, саркашлик билан ёлғонга чиқарганлари учун жазолаб, тўфон юбордик, уларнинг экинларини ҳам, меваларини ҳам оқизиб кетди. Чигирткаларни юбордик, уларнинг ҳосилларини еб-битирди. Битларни юбордик. Экинларини ҳам, сочларини ҳам бит босди. Бақаларни юбордик. Идишларига тўлиб олиб, таомларини айнитди, ётоқларига кириб, уйқуларини қочирди. Қонни юбордик. Қудуқ сувлари ҳам, аҳорлари ҳам қонга тўлди. Шуларнинг ҳаммасини бўлиб-бўлиб, бирин-кетин юбордик. Шунча уқубатлардан кейин ҳам яна Аллоҳга иймон келтиришдан ва Мусо алайҳиссалом олиб келган рисолатни ҳақ эканини тан олишдан бош тортдилар, ўзларини катта олдилар. Улар ботилдан бош кўтара олмайдиган, ҳақ сари юз бура олмайдиган осий қавм эди.