۞ وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّمَا غَنِمۡتُم مِّن شَيۡءٖ فَأَنَّ لِلَّهِ خُمُسَهُۥ وَلِلرَّسُولِ وَلِذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱبۡنِ ٱلسَّبِيلِ إِن كُنتُمۡ ءَامَنتُم بِٱللَّهِ وَمَآ أَنزَلۡنَا عَلَىٰ عَبۡدِنَا يَوۡمَ ٱلۡفُرۡقَانِ يَوۡمَ ٱلۡتَقَى ٱلۡجَمۡعَانِۗ وَٱللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٌ ٤١
Ва агар Аллоҳга, фурқон куни — икки жамоат тўқнашган куни бандамизга нозил қилган нарсамизга иймон келтирган бўлсангиз, билингки, ўлжага олган нарсангиздан бешдан бири Аллоҳга, Расулига, яқинларига, етимларга, мискинларга ва мусофирларгадир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. 16
Izohlar
16 («Фурқон куни — икки жамоат тўқнашган куни»дан мурод Бадр уруши кунидир. Чунки айни ўша кун Аллоҳ таоло ҳақ билан ботилни фарқ қилган, ажратган кундир. Ўша кун мусулмонлар билан мушриклар тўқнашган кундир. Оятда Бадр уруши куни Расулуллоҳга нозил қилинган оятларга иймон келтиришлик Аллоҳга иймон келтириш билан бирга зикр этилмоқда. Ўша куни нозил қилинган ояти карималар ўлжани тақсимлашга ҳам тааллуқли эди. Ана ўша оятлардаги ҳукмларга амал қилсалар, иймонлари борлигига далолат бўлиши таъкидланмоқда. Жиҳод пайтида қўлга тушган ўлжаларнинг бешдан тўрти мужоҳидларга бўлиб берилади. Қолган бир қисми эса, ушбу оятда зикр қилинган тоифаларга ажратилади.)
Tafsir
Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ва бандамиз Муҳаммад алайҳиссаломга Бадр кунида нозил қилганимизга иймон келтирсангизлар, билингларки, Аллоҳ йўлидаги жиҳодда кофирлардан тортиб олган нарсаларингиз беш қисмга бўлинади. Шундан тўрт қисми мужоҳидларга тақсимланса, қолган бир қисми яна беш қисмга бўлинади. Ундан бир қисми Аллоҳ ва Пайғамбари учун бўлиб, мусулмонларнинг умумий харажатларига сарф қилинади. Иккинчи қисми Пайғамбар алайҳиссаломнинг қариндошлари Бани Ҳошим ва Бани Мутталибга берилади. Учинчи бўлак етимларга, тўртинчиси камбағал-мискинларга, бешинчиси эса мусофирларга берилади. Бадр кунида Аллоҳ сизларни душманларингиздан ғолиб қилиб, ҳақ билан ботилни ажратиб берганди. Сизларга ғалаба ато этган Аллоҳ ҳар ишга Қодирдир.