قُلۡ هُوَ ٱلۡقَادِرُ عَلَىٰٓ أَن يَبۡعَثَ عَلَيۡكُمۡ عَذَابٗا مِّن فَوۡقِكُمۡ أَوۡ مِن تَحۡتِ أَرۡجُلِكُمۡ أَوۡ يَلۡبِسَكُمۡ شِيَعٗا وَيُذِيقَ بَعۡضَكُم بَأۡسَ بَعۡضٍۗ ٱنظُرۡ كَيۡفَ نُصَرِّفُ ٱلۡأٓيَٰتِ لَعَلَّهُمۡ يَفۡقَهُونَ ٦٥
Сен: «У сизга устингиздан ёки оёғингиз остидан азоб юборишга, турли фирқаларга аралаштириб юборишга, баъзиларингизга баъзиларингизнинг азобини тоттиришга қодирдир», – деб айт. Оятларимизни қандай тасарруф қилишимизга назар сол. Шоядки, англаб етсалар. 18
Izohlar
18 (Кофир-мушрикларнинг устидан юбориладиган азобга Лут қавмига ва Фил эгаларига юборилган азобларни мисол келтирадилар. Оёқ остидан юбориладиган азобга Қорунни ер ютиши ва тўфон балоси мисол қилиб келтирилади. Одамлар фирқаларга бўлингандан кейин, ҳар фирқа аъзолари ўз фирқаларига таассуб қилиб, бир-бирига шафқатсиз равишда зулм ўтказишга, азоб беришга қаттиқ уринади. Инсоният тарихида бундай ҳолатлар кўплаб бўлган ва ҳозир ҳам давом этиб келмоқда.)
Tafsir
Эй Пайғамбар, уларга айтинг: "Аллоҳ устингиздан тош, чақмоқ ва тўфон каби балоларни юборишга ҳам, остингиздан зилзила, ер ютиши каби балоларни юборишга ҳам ёки қалбларни, ўй-истакларни бир-бирига қарама-қарши қилиб, ҳамма ўз билганича ҳавойи нафсига эргашиб, бир-бирлари билан урушиб-талашиб юрадиган қилиб қўйишга ҳам қодир". Эй Пайғамбар, сиз олиб келган ҳақнинг ҳақлигини англай олармикинлар, дея далил ва ҳужжатларни қандай хилма-хил қилаётганимизга назар солинг.