أَوۡ تَقُولُواْ لَوۡ أَنَّآ أُنزِلَ عَلَيۡنَا ٱلۡكِتَٰبُ لَكُنَّآ أَهۡدَىٰ مِنۡهُمۡۚ فَقَدۡ جَآءَكُم بَيِّنَةٞ مِّن رَّبِّكُمۡ وَهُدٗى وَرَحۡمَةٞۚ فَمَنۡ أَظۡلَمُ مِمَّن كَذَّبَ بِـَٔايَٰتِ ٱللَّهِ وَصَدَفَ عَنۡهَاۗ سَنَجۡزِي ٱلَّذِينَ يَصۡدِفُونَ عَنۡ ءَايَٰتِنَا سُوٓءَ ٱلۡعَذَابِ بِمَا كَانُواْ يَصۡدِفُونَ ١٥٧
Ёки «Агар бизга китоб туширилганда, улардан кўра ҳидоятлироқ бўлар эдик», демасликларингиз учун, батаҳқиқки, сизга Роббингиздан очиқ ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ шахс борми? Тезда, оятларимиздан юз ўгирганларни юз ўгирганлари туфайли ёмон азоб ила жазолармиз.
Tafsir
"Аллоҳ яҳудий ва насронийларга нозил қилганидек, бизга ҳам нозил қилганида биз улардан кўра кўпроқ амал қилган бўлар эдик", демасликларингиз учун сизларга Аллоҳ пайғамбарингиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Қуръонни ўз тилингизда нозил қилди. Қуръон очиқ ҳужжат, ҳақни кўрсатиб турувчи маёқ ва уммат учун раҳматдир. Энди арзимас баҳоналарни рўкач қилавермангиз, ноҳақ сабаблар кўрсатавермангиз. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқариб, улардан юз ўгирган кимсадан кўра золимроқ одам йўқ. Оятларимиздан юз ўгирганларни қилмишларига яраша жазолаб, дўзахга солурмиз ва қаттиқ азобга гирифтор қилурмиз.