Al-Ahzab surasi, 51-oyat

33:51

۞ تُرۡجِي مَن تَشَآءُ مِنۡهُنَّ وَتُـٔۡوِيٓ إِلَيۡكَ مَن تَشَآءُۖ وَمَنِ ٱبۡتَغَيۡتَ مِمَّنۡ عَزَلۡتَ فَلَا جُنَاحَ عَلَيۡكَۚ ذَٰلِكَ أَدۡنَىٰٓ أَن تَقَرَّ أَعۡيُنُهُنَّ وَلَا يَحۡزَنَّ وَيَرۡضَيۡنَ بِمَآ ءَاتَيۡتَهُنَّ كُلُّهُنَّۚ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ مَا فِي قُلُوبِكُمۡۚ وَكَانَ ٱللَّهُ عَلِيمًا حَلِيمٗا ٥١

Улардан хоҳлаганингни нари қўйиб, хоҳлаганингни ўзингга олурсан. Ўзинг четлатганлардан бирортасини истасанг, сенга гуноҳ бўлмас. Шундай бўлиши уларнинг кўзлари қувончга тўлиши, хафа бўлмасликлари ва ҳаммаларининг сен уларга берган нарсадан рози бўлишларига яқинроқдир. Аллоҳ қалбларингиздаги нарсани биладир ва Аллоҳ ўта билгувчи ва ўта ҳалийм Зотдир. 23

Izohlar

23 (Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом аёллари билан навбатма-навбат ётар эдилар. Мабодо навбатни бузишга эҳтиёж чиқиб қолса, навбати келган онамиздан, фалончининг олдида тунашимга изн берасанми, деб сўрар эдилар. Бу оятда эса, сўрамасдан ҳам, ўзлари нимани истасалар, қилаверишга ҳақлари бор эканлиги баён қилинмоқда. Бу ҳам, фараз маъносида олсак, ўз нафсини ҳадя қилган аёлни олдин рад этиб, кейин яна хоҳлаб олганинг сенга гуноҳ бўлмас, маъноси чиқади. Ёки завжаларингдан бирортасига навбатида кирмай қўйган бўлсанг, истаган пайтингда кираверасан, маъноси чиқади. Чунки бу ишларни Аллоҳнинг амри билан қилаётганингни билганларидан кейин, аёлларингнинг кўзлари қувончга тўлади, хафа бўлмайдилар ва рози бўладилар.)

Tafsir

Эй Пайғамбар, сиз улардан ўзингиз хоҳлаганингизни четлатиб, бирга бўлмаслигингиз, хоҳлаганингизни ўзингизга олиб, ҳамхона бўлишингиз мумкин. Ўзингиз четлатган аёлларингиздан биронтасини истасангиз, сизга гуноҳ бўлмас. Сизга берилган бу ихтиёр ва кенглик уларнинг кўзлари қувонишига, ғам чекмасликларига ва сиз уларга берган нарсага барчалари рози бўлишларига яқинроқдир. Эй эркаклар, Аллоҳ айрим аёлларни қўйиб, бошқа айрим аёлларга мойил бўлаётганингизни яхши билади. У Зот бандаларининг ҳамма ишларидан воқиф. Бирон нарса У Зотдан яширин қола олмас. У Ҳалим Зотдир. Шояд, тавба қилиб қолсалар, дея жазони тезлаштирмайди.