وَٱذۡكُرۡنَ مَا يُتۡلَىٰ فِي بُيُوتِكُنَّ مِنۡ ءَايَٰتِ ٱللَّهِ وَٱلۡحِكۡمَةِۚ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ لَطِيفًا خَبِيرًا ٣٤
Ва уйларингизда тиловат қилинаётган Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни эсланг. Албатта, Аллоҳ ўта латийф ва ўта хабардор бўлган Зотдир. 17
Izohlar
17 (Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг аёлларига улар яшаб турган уйлар оддий уй эмас, Аллоҳнинг оятлари нозил бўлиб, тиловат қилиниб турган манзил эканини эслатмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг суннатлари жорий этилиб, ҳадислари сўзланиб турган уйлар эканини эслатмоқда. Қуръон оятларини ва Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг ҳикматли ҳадисларини унутмасликка, уларни эслаб, англаб, ўрганиб, сўнг амал қилишга буюрилмоқдалар.)
Tafsir
Уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва Пайғамбарининг покиза суннатлари янграшини, Аллоҳ сизларга қанчалар меҳрибонлик қилганини, ҳолингиздан хабардор бўлиб турганини бир ўйлаб кўринглар-а! У Зот сизларни Пайғамбар алайҳиссаломдек буюк инсонга ёстиқдош ҳамнишин, барча мўминларга эса она айлади.