۞ وَقَضَىٰ رَبُّكَ أَلَّا تَعۡبُدُوٓاْ إِلَّآ إِيَّاهُ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَٰنًاۚ إِمَّا يَبۡلُغَنَّ عِندَكَ ٱلۡكِبَرَ أَحَدُهُمَآ أَوۡ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُل لَّهُمَآ أُفّٖ وَلَا تَنۡهَرۡهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوۡلٗا كَرِيمٗا ٢٣
Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! 11
Izohlar
11 (Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси — ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси — ота-онанг олдида «уфф» дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.)
Tafsir
Эй банда, Парвардигоринг сенга фақат У Зотгагина ибодат қилишни, Ундан бошқага бандалик қилмасликни ҳамда ота-онага, айниқса, қариган пайтларида яхшилик қилишни буюрди. Агар улардан бири ёки ҳар иккиси сенинг ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларни малол олиб, уф тортма. Уларга қўполлик қилма, озор берма. Ҳар доим уларга энг мулойим, энг яхши гапларни гапир.