فَتَعَٰلَى ٱللَّهُ ٱلۡمَلِكُ ٱلۡحَقُّۗ وَلَا تَعۡجَلۡ بِٱلۡقُرۡءَانِ مِن قَبۡلِ أَن يُقۡضَىٰٓ إِلَيۡكَ وَحۡيُهُۥۖ وَقُل رَّبِّ زِدۡنِي عِلۡمٗا ١١٤
Ҳақ Подшоҳ — Аллоҳ олий бўлди. Сенга ваҳийи битгунча Қуръон(тиловати)га ошиқма ва: «Роббим, илмимни зиёда қилгин», дегин. 29
Izohlar
29 (Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом унутиб қўйишдан хавфланиб, ваҳий тушган пайтида Қуръони Карим оятларини Жаброил алайҳиссаломга қўшилиб, ўқиб турар эдилар. Бу эса, қийинчилик туғдирарди. Яъни, эй Муҳаммад, Жаброил ваҳийни сенга охиригача ўқиб бермагунича, Қуръонни тиловат қилиб, оятларни ўқишга шошилма. Олдин Жаброил тўлиқ ўқиб берсин, кейин сен ўқийсан.)
Tafsir
Аллоҳ Олийдир, Муқаддасдир, Буюкдир. У Подшоҳдир. Ҳамма нарса Унинг мулкидир. Унинг Ўзи ҳам ҳақ, сўзи ҳам ҳақ. Мушриклар айтаётган сифатлардан Пок ва Олий. Эй Пайғамбар, Жаброил алайҳиссалом билан Қуръон ўқиётганингизда шошилиб кетманг. Сизга тўла етказиб бўлгунича кутиб туринг ва: "Парвардигорим, илмимни янада зиёда қил", деб айтинг.