Hud surasi, 17-oyat

11:17

أَفَمَن كَانَ عَلَىٰ بَيِّنَةٖ مِّن رَّبِّهِۦ وَيَتۡلُوهُ شَاهِدٞ مِّنۡهُ وَمِن قَبۡلِهِۦ كِتَٰبُ مُوسَىٰٓ إِمَامٗا وَرَحۡمَةًۚ أُوْلَٰٓئِكَ يُؤۡمِنُونَ بِهِۦۚ وَمَن يَكۡفُرۡ بِهِۦ مِنَ ٱلۡأَحۡزَابِ فَٱلنَّارُ مَوۡعِدُهُۥۚ فَلَا تَكُ فِي مِرۡيَةٖ مِّنۡهُۚ إِنَّهُ ٱلۡحَقُّ مِن رَّبِّكَ وَلَٰكِنَّ أَكۡثَرَ ٱلنَّاسِ لَا يُؤۡمِنُونَ ١٧

Ўз Роббидан аниқ ҳужжатга эга бўлган, унга Ўша (Робб)нинг Ўзидан гувоҳ эргашган ва у(гувоҳ)дан олдин Мусонинг китоби имом ва раҳмат ҳолида унга (шоҳид) бўлган кишига(куфр келтирадилар)ми? Ана ўшалар у(шоҳид)га иймон келтирурлар. Гуруҳлардан ким унга куфр келтирса, унга ваъда қилинган жой жаҳаннамдир. Сен у ҳақда шак-шубҳада бўлма! Албатта, у Роббингдан келган ҳақдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар. 5

Izohlar

5 (Қуръони Каримдан олдин Мусо алайҳиссаломнинг китоби Таврот ҳам имом ва раҳмат бўлган ҳолида Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломнинг охирзамон пайғамбари бўлишларига гувоҳ бўлган эди. Ана шундай кишига куфр келтирадиларми?! Қуръонга иймон келтирмасдан жаннатга киришни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмасин. Албатта, Пайғамбармиз алайҳиссалоту вассалом ҳеч қачон Қуръони Каримнинг ҳақ эканлигига шак-шубҳа қилмаганлар. Аммо бу сўзлар ўша даврдаги оғир ҳолатни енгиллатиш учун айтилмоқда. Чунки у пайтда одамлар Исломга қаршилик қилиб, даъват ишлари юришмай туриб қолган эди. Аллоҳ таоло Пайғамбарига ва оз сонли мўмин бандаларига тасалли бериб, бу ҳолатдан ҳайрон бўлмасликларини уқдирмоқда. Нимага Қуръон иши тўхтаб қолди, деб ўйлама, Аллоҳ хоҳлаган вақтида юришиб кетади.)

Tafsir

Муҳаммад алайҳиссалом Парвардигори тарафидан бир ҳужжатга эга бўлган зотдир. У зотга Жаброил алайҳиссаломдек бир гувоҳ эргашиб юради. У зотнинг пайғамбарлигига одамларга раҳбар ва раҳмат бўлиб келган Мусонинг китоби ҳам гувоҳлик беради. Мана шундай зот ва у зотга эргашган мўминлар залолат гирдобида адашиб-улоқиб юрган кофирлар билан баробарми? Мўминлар Қуръонга ва Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирадилар. Энди турли миллатлар орасидаги қайси бир одам унга куфр келтирса, Қиёмат куни унга ваъда қилинган жой дўзахдир. Бас, эй Пайғамбар, Қуръон ҳақида ҳам, уларга ваъда қилинган жой ҳақида ҳам шубҳалана кўрманг! У бирон шубҳа аралашмаган соф ҳақиқатдир. Лекин шунча очиқ ҳужжатлар ва равшан далиллар бўлишига қарамасдан, кўп одамлар иймон келтирмайдилар.