Fatir surasi, 42-oyat

35:42

وَأَقۡسَمُواْ بِٱللَّهِ جَهۡدَ أَيۡمَٰنِهِمۡ لَئِن جَآءَهُمۡ نَذِيرٞ لَّيَكُونُنَّ أَهۡدَىٰ مِنۡ إِحۡدَى ٱلۡأُمَمِۖ فَلَمَّا جَآءَهُمۡ نَذِيرٞ مَّا زَادَهُمۡ إِلَّا نُفُورًا ٤٢

Улар жон-жаҳдлари билан, агар ўзларига огоҳлантирувчи келса, ҳар қандай умматдан кўра ҳидоятли бўлишлари ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичар эдилар. Қачонки огоҳлантирувчи келганида, уларда нафратдан бошқани зиёда қилмади. 19

Izohlar

19 (Араб мушриклари ўз юртларида, хусусан, Мадинада яҳудийлар билан ёнма-ён яшар эдилар. Уларнинг тарихлари ва қиссаларини эшитган эдилар. Шунингдек, насоролар аҳволидан ҳам бир оз бўлса-да, хабардор эдилар. Бу икки қавмнинг ўзларига огоҳлантирувчи-пайғамбарлар келганидан кейин ҳам йўлдан озиб кетганлари арабларни ажаблантирар эди. Улар ўзларича, агар бизга огоҳлантирувчи-пайғамбар келса, анавиларга ўхшаб юрмаймиз, ўша пайғамбар келтирган таълимотларга амал этиб, энг ҳидоятли уммат бўламиз, деб қасам ичар эдилар. Оятда араб мушрикларининг ўша қасамлари эслатилиб, сўнгра нималар бўлгани фош этилмоқда.)

Tafsir

Ҳақни тан олмай, уни ёлғонга чиқарган анави кофирлар Аллоҳ тарафидан бир пайғамбар келиб, уларни Аллоҳнинг азобидан огоҳлантирса, яҳудий ва насронийлардан кўра кўпроқ ҳаққа эргашишлари ҳақида Аллоҳ номига жуда қаттиқ қасам ичдилар. Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келиб, уларни Аллоҳнинг азобидан огоҳлантирганидан кейин эса ҳақдан янада узоқлашиб, ботилга янада қапишдилар. Ичган қасамларига вафо қилмадилар.