وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٞ وِزۡرَ أُخۡرَىٰۚ وَإِن تَدۡعُ مُثۡقَلَةٌ إِلَىٰ حِمۡلِهَا لَا يُحۡمَلۡ مِنۡهُ شَيۡءٞ وَلَوۡ كَانَ ذَا قُرۡبَىٰٓۗ إِنَّمَا تُنذِرُ ٱلَّذِينَ يَخۡشَوۡنَ رَبَّهُم بِٱلۡغَيۡبِ وَأَقَامُواْ ٱلصَّلَوٰةَۚ وَمَن تَزَكَّىٰ فَإِنَّمَا يَتَزَكَّىٰ لِنَفۡسِهِۦۚ وَإِلَى ٱللَّهِ ٱلۡمَصِيرُ ١٨
Ўзи юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтара олмас. Юки оғир жон ўз юкига (бошқани) чақирса-да, ундан ҳеч бир нарса кўтарилмас. Гарчи қариндош бўлса ҳам. Сен фақат ғайбдаги Роббиларидан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этганларни огоҳлантирурсан. Ким покланса, ўзи учун покланур. Қайтиш Аллоҳгадир. 10
Izohlar
10 (Қиёмат кунида гуноҳи кўп жон уни енгиллатиш мақсадида энг яқин қариндошини ёрдамга чақирса ҳам, унинг гуноҳидан бирор нарса кўтарилмайди. Чунки яқин қариндошнинг ўзи юкини кўтара олмай хуноб бўлаётган бўлади. Кофир ҳам, мўмин ҳам фақат Аллоҳга қайтади. Бошқага эмас. Ана ўшанда Аллоҳ таоло ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Кофир ва осий жазосини, мўмин-мусулмон мукофотини олади.)
Tafsir
Бирон гуноҳкор жон бошқа бир гуноҳкор жоннинг гуноҳини кўтара олмайди. Ҳамма фақат ўзининг гуноҳини кўтариб юради. Гуноҳи оғир бир кимса бошқаларни ёрдамга чақирса, ҳатто қариндоши бўлса ҳам унинг гуноҳини кўтаришиб юбора олмайди. Эй Пайғамбар, сиз Парвардигорларидан ғойибона қўрқадиган ва намозни тўкис адо этадиган зотларнигина огоҳлантира олурсиз. Чунки огоҳлантириш фақат ўшаларгагина таъсир қилади. Ким гуноҳлардан, ширкдан покланса, ўзи учун покланади. Чунки бу ишдан фақат ўзи фойда кўради. Аллоҳ унинг тоат-ибодатидан Беҳожат. Қиёмат куни ҳисоб ва жазо ёки мукофот учун қайтиш ёлғиз Аллоҳгадир.