ٱللَّهُ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ٱلۡحَيُّ ٱلۡقَيُّومُۚ لَا تَأۡخُذُهُۥ سِنَةٞ وَلَا نَوۡمٞۚ لَّهُۥ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَا فِي ٱلۡأَرۡضِۗ مَن ذَا ٱلَّذِي يَشۡفَعُ عِندَهُۥٓ إِلَّا بِإِذۡنِهِۦۚ يَعۡلَمُ مَا بَيۡنَ أَيۡدِيهِمۡ وَمَا خَلۡفَهُمۡۖ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيۡءٖ مِّنۡ عِلۡمِهِۦٓ إِلَّا بِمَا شَآءَۚ وَسِعَ كُرۡسِيُّهُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَۖ وَلَا يَـُٔودُهُۥ حِفۡظُهُمَاۚ وَهُوَ ٱلۡعَلِيُّ ٱلۡعَظِيمُ ٢٥٥
Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қаййумдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, магар Ўзи хоҳлаганини, холос. Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган. У уларни муҳофаза қилишдан чарчамас. Ва У Алий ва Азийм Зотдир. 115
Izohlar
115 (Имом Муслим ва Имом Аҳмад Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят Курси ояти эканлиги таъкидланган. Имом Насоий Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким ҳар фарз намоздан кейин «Оятул Курсий»ни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос», деганлар. Яъни, ўлмагани учун жаннатга кирмайди, агар вафот этса, уни жаннатдан тўсадиган ҳеч нарса қолмайди, дегани.)
Tafsir
Аллоҳ шундай Зотки, чин маъбудликка ёлғиз Ўзи лойиқдир. Тирикдирки, ҳаётида на ўлим бор ва на нуқсон. У Қайюмдир, яъни, бор бўлиши учун Ўзи яратганларидан биронтасига муҳтож бўлмаган, ҳамма яратганлари эса бирон ҳолатда ҳам У Зотдан беҳожат эмас. У Зотни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Зеро, У Зот барҳаётлик ва қайюмликда комилдир, бенуқсондир. Осмонлару ердаги ҳамма нарса Унинг мулкидир. У Зотнинг ҳузурида Унинг Ўзи рози бўлиб изн бермагунича ҳеч ким ҳеч кимни шафоат қила олмайди. Ўтган ишларни ҳам, энди бўладиган ишларни ҳам билади. Бошқалар Унинг илмидан Унинг Ўзи хоҳлаган миқдоринигина била оладилар. Курсиси - Парвардигори оламнинг икки қадами турадиган жой - шу қадар улканки, осмонлару ерни қамраб олган. Уларни муҳофаза қилиб туриш У Зотга қийин эмас. У Ўз зотида ҳам, куч-қудратида ҳам, қаҳрида ҳам ҳаммадан Юксакдир, мулку салатанатида ҳаммадан Буюкдир.